Жаҳон | 08:43 / 21.04.2016
1508
1 дақиқада ўқилади

Трамп ўз самолётида учиш имкониятидан вақтинчалик маҳрум этилди

Миллиардер Дональд Трампнинг Cessna 750 Citation X самолёти рўйхатдан ўтказилишдаги муаммолар ҳал қилингунча вақтинчалик фойдаланишдан чиқарилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Самолётдан фойдаланишни тўхтатиш ҳақидаги қарор АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (FAA) томонидан қабул қилинган. Бунга самолётни рўйхтдан ўтказиш муддати январдаёқ тугагани сабаб бўлган.

Трамп ўз самолётидан президентлик учун сайловолди тадбирларида фойдаланаётган эди. Бироқ унинг ихтиёрида учта вертолёт ва битта Boeing 757 самолёти бор.

FAA’да айтилишча, Трамп ҳужжатларни тегишли кўринишга келтириш билан шуғулланмоқда ва у самолётни қайта рўйхатдан ўтказгач, ундан яна фойдалана олиши мумкин бўлади.

Бундан аввалроқ Трамп ўзига тегишли Trump Tower биносида Нью-Йорк штатидаги праймериздаги ғалабасини нишонлади.