Жаҳон | 16:03 / 21.04.2016
1973
2 дақиқада ўқилади

Туркия Яман собиқ президентининг банк ҳисоб рақамлари ва мулкини музлатди

Туркия ҳукумати қарорига кўра, Яманнинг собиқ президенти Али Абдуллоҳ Солиҳнинг (у Яманда "Ансор Аллоҳ" ҳаракати тарафдорлари, шиа хусийлари инқилобини қўллаб қувватлаганди) молиявий активлари, банк ҳисоб рақамларидаги маблағлари ва мол-мулки музлатиб қўйилди, деб хабар қилмоқда ҳукумат ахборотномаси "Ресми газете".

Қарор матнига кўра, мазкур чоралар БМТ хавфсизлик кенгаши қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Шунга биноан, иловада келтирилган шахслар ёки уларнинг ваколатли ишончли вакилларига тегишли барча мол-мулк, банк ячейкалари, ҳисоб рақамлари 2017 йил 26 февралгача музлатилади. Уларни назорат қилиш Туркия молия вазирлиги зиммасига юклатилади", — дейилади ҳужжатда.

Рўйхатдан, Солиҳнинг ўғли Аҳмад Али Абдуллоҳ Солиҳ, исёнчилар етакчиси Абдулмалик ал Хусий ҳамда хусийлар ҳарбий қўмондонлиги вакили Ал Холиқ ал Хусий ва Абдуллоҳ Яҳё ал Ҳакам исми-шарифи жой олган.

74 ёшли Солиҳ 1978 йилдан Яман давлат раҳбари лавозимини эгаллаб келган, 2012 йилда Яманда юз берган сиёсий инқирозга барҳам бериш режасига мувофиқ истеъфога чиқиб, ўша пайтдаги вице-президент Абд Раббо Мансур Ҳодийга президентликни топширган эди. Шунга қарамай, у мамлакат қуролли кучларидаги таъсиридан фойдаланган, хусийчи ҳарбийлар исёнчиларга ён босган эди.