Жамият | 16:54 / 21.04.2016
2925
2 дақиқада ўқилади

Вьетнам ёввойи табиатида бештагина йўлбарс қолди

Сўнгги беш йил ичида Вьетнам ёввойи табиатида ҳиндихитой йўлбарси популяцияси шиддат билан қисқарди. Бугунги кунда бундай йўлбарсларнинг бешдан ортиқ бўлмаган вакили табиатда яшайди. 2011 йилда уларнинг сони 30тани ташкил қилар эди.

Вьетнамдаги йўлбарслар ҳақидаги бундай аянчли маълумотларни Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) эълон қилди. Мазкур ташкилот эксперт-экологларининг фикрича, ёввойи табиатда йўлбарслар камайиб кетишининг асосий сабаби инсоннинг хўжалик фаолияти ва браконьерларнинг ҳайвонларга ов қилишидадир. Фонд мутахассислари маҳаллий ҳукумат эътиборини Вьетнамнинг тоғли провинцияларида жунгли, тропик ўрмонларда яшовчи йўлбарсларнинг йўқолиб кетиш хавфига қаратишмоқда. Бунга мисол тариқасида қўшни Камбоджада йўлбарсларнинг йўқолиб кетишини кўрсатиш мумкин. У ерда йўлбарслар расман қироллик ҳудудида йўқолиб кетган ҳайвонлар сифатида тан олинган.

Мутахассислар Вьетнамни дарҳол йўқолиб бораётган ҳайвон популяциясини сақлаб қолишга доир чора кўришга чақириб огоҳлантиришди. Бугунги кунда бутун мамлакатда 120та йўлбарс тутқунликда сақланади, бироқ бу ёввойи йўлбарс популяциясини асраб қолиш имконини бериши амри маҳол, шунинг учун йўлбарсларни ов қилишга барҳам бериш зарурати пайдо бўлган.