Жаҳон | 22:08 / 21.04.2016
1718
1 дақиқада ўқилади

Volkswagen "дизель можароси" сабабли АҚШдаги шикоятлар бўйича тўловларга 10 млрд доллар захиралаб қўяди

Германиянинг Volkswagen автоконцерни "дизель можароси" сабабли АҚШ ҳукумати ва автомобиль эгалари томонидан берилган даъво аризалари бўйича тўловларга 10 млрд доллардан кам бўлмаган маблағни захиралаб қўяди, деб вазиятдан хабардор бўлган манбага иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Манбанинг айтишича, Volkswagen АҚШнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги регулятори билан дизель автомобиллардаги зарарли чиқиндилар ҳақидаги маълумотлар билан фирибгарлик қилгани сабабли келиб чиққан зиённи бартараф этиш бўйича мақбул қарорни муҳокама қилди. Натижада томонлар келишувга келдилар.

Концерн томонидан зарарни бартараф этишнинг режасини топшириш муддати 21 апрелда тугайди.

Агентликнинг таъкидлашича, ҳозирча концернга кўрсатилган қийматдаги маблағ АҚШда топширилган барча даъво аризалари бўйича тўловларни амалга ошириш учун етиш-етмаслиги номаълум.

Аввалроқ Volkswagen америкаликлардан нотўғри дастурий таъминотга эга автомобилларнинг бир қисмини сотиб олиши маълум қилинганди.