Хитойда 170 долларлик "iPhone қотили" намойиш қилинди
Хитойнинг LeEco компанияси Пекинда ўзининг Le 2 смартфонини намойиш қилди. Компаниянинг тасдиқлашича, смартфон ўзининг юқори техник кўрсаткичлари ва арзон нархи туфайли флагман смартфонларнинг "қотили"га айланади.
Тақдимотдаги кўплаб томошабинлар тақдимот бошловчиси аудитория билан мулоқот давомида ўзини Apple компанияси асосчиси Стив Жобс каби тутганини пайқашган. Бошловчининг нафақат смартфон ҳақида маълумот бериш услуби, балки кийиниш услуби ҳам Жобсникига ўхшаш бўлган: у Жобс ўз маҳсулотларини тақдим қилганда одатда киядиган жинси шим ва қора свитерда бўлган.
Телефон металл корпусдаги моноблок кўринишида бўлиб, 5,5 дюймли рамкасиз дисплейга эга. Смартфон яратувчисининг айтишича, смартфон юқори кўрсаткичларга эга арзон қурилма бўлади. Кўп жиҳатдан бу ғоя амалга ошган: смартфонда T880 график тезлаштиргичига эга 2,23 ГГц ли 10 ядроли Helio X20 процессори қўлланган. Телефон бу процессор қўлланган биринчи телефон бўлди.
Смартфоннинг ички хотираси ҳажми 32 Гб ни, тезкор хотираси ҳажми эса 3 Гб ни ташкил қилади. Батареялар сиғими 3000 миллиампер бўлиб, тез қувватлаш функциясига эга: ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, смартфоннинг тўлиқ қувватланиши учун 5 дақиқа кифоя қилади. Смартфон, шунингдек, 16 МП ли, 0,09 сонияли автофокуслашли асосий ва 8 Мп ли олд камера билан жиҳозланган. Смартфон 4G+ ва VoLTE алоқа форматларини қўллаб-қувватлайди. Телефон Type C чиқишига эга. Қурилманинг оғирлиги 153 граммни ташкил қилиб, iPhone 6S Plus’га нисбатан 39 граммга енгилроқдир.
Таъкидланишича, смартфон ишлаб чиқарувчи томонидан яратилган, рақамли мусиқани сифатни йўқотмаган ҳолда сиқиш учун мўлжалланган аудиокодекни қўллаб-қувватлайди. Қурилмада одатдаги 3,5 мм ли аудиоразъём бўлмаса-да, компания смартфонга Type C чиқишни қўллаб-қувватловчи рақамли қулоқчинларни таклиф қилди. Телефон Android Marshmallow 6.0.1. операцион тизимида ишлайди.
Смартфоннинг нархи 1100 юанни (170 доллар) ташил қилади. LeEco’нинг таъкидлашича, смартфоннинг нархи таннархидан ҳам камроқни ташкил қилади, бироқ компаниянинг бизнес модели қўшимча хизматлар, биринчи навбатда интернет-телевидение, мусиқа ва бошқа контентни сотишдан олинадиган даромадга асосланган.