Жаҳон | 15:07 / 21.04.2016
1799
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ҳарбий объектларни суратга олган шахсга 7 йиллик қамоқ жазоси тайинланди

Хитой суди хориж разведка хизмати фойдасига ҳарбий объектлар ва кемаларни суратга олган шахсни етти йилга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда “Хуаньцю шибао” газетасига таяниб ТАСС хабар берди.

Газета маълумотларига кўра, Чжэцзян провинцияси Нинбо шаҳрида истиқомат қилувчи Чэнь Вэй Чжэцзяннинг турли портларида Хитой ҳарбий денгиз кучлари ва соҳил хавфсизлик хизмати кемаларини ҳамда бир неча ҳарбий объектларни суратга олган. Суратлар ва бошқа маълумотларни у фуқаролиги ўрнатилаётган номаълум Цзи Тяню исмли шахсга етказиб юрган.

Нашрнинг ёзиши бўйича, борт рақамлари ва кемаларнинг жойлашуви тўғрисидаги маълумотлар орқали хориж мутахассислари хитойлик ҳарбийларнинг Шарқий Хитой денгизида жойлашган Дяоюйдао (Сенкаку) оролидаги ҳаракатлари тўғрисида билиб олишлари мумкин эди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Чэнь Вэй айнан қайси давлат фойдасига хизмат қилганини ошкор қилмади. Шуниси маълумки, у хизматлари учун хориж валютасида камида 20 минг миқдорида пул олган.

Чэнь Вэй 2013 йилдаёқ ҳибсга олинган. Унга ҳукм қачон ўқилгани аниқ эмас.

2012 йилнинг сентябрь ойида Токио хусусий мулкдорлардан оролларни сотиб олганини эълон қилгач, Дяоюйдао (Сенкаку) ороллари бўйича Япония ва Хитой ўртасидаги ҳудудий низолар авж олиб кетди. Шундан кейин ХХРда кенг миқёсда антияпон намойишлари бўлиб ўтди. Шундан буён Хитой кемалари доим низоли ҳудудда сақланади ва вақти-вақти билан қирғоқ қисмларига намойишкора юришлар уюштиради.