Фан-техника | 11:20 / 21.04.2016
2524
2 дақиқада ўқилади

Хитойликлар Tesla Model S’нинг бўлғуси рақобатчисини намойиш этди

Хитойнинг LeEco интернет корпорацияси LeSee электромобилининг прототипини оммага намойиш этди. Уни серияли ишлаб чиқариш Tesla Model S’га жиддий рақиб пайдо бўлганини англатиши мумкин эди. Электрокарни расман 25 апрель куни Пекин автокўргазмасида тақдим этишади.

Тўрт эшикли концепт-кар томи тўлиқ шишадан ишланган. У гўёки олд ва орқа ойна билан қўшилиб кетгандек тасаввур уйғотади. LeSee’да ёнкузатув ойналари мавжуд эмас, уларнинг ўрнига орқани кўрсатувчи камералар билан жиҳозланган. Шунингдек, одатдаги радиатор қафаси ҳам йўқ.

Прототипнинг кўзга ташланадиган жиҳати унинг С-кўринишидаги асосий ва орқа ёритқич чироқларидир. Бундан ташқари, автомобиль автопилот ёрдамида ҳам ҳаракатлана олади.
LeSee салонида кнопкалар ва механик ўтқазгичларни кўрмайсиз. Гап шундаки, олд панелига ўрнатилган йирик сенсор дисплей воситасида машинага турли буйруқларни бериш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, унинг техник таснифи ҳақида ахборотлар сир тутилмоқда. Бу борада, унинг максимал тезлиги соатига 210 км.ни ташкил этиши маълум холос. LeSee’га оид бошқа тафсилотлар вақти келганда ошкор бўлади, албатта.

Тахминларга кўра, LeEco учун электромобилни серияли ишлаб чиқариш билан Aston Martin компанияси шуғулланади. 2015 йилда Хитой ва Британиялик автомобилсозлар англашув меморандумини имзолаган, унда шу ҳақдаги банд ҳам мавжуд эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, электрокар Rapide модели базасида «Астон»нинг Гайдондаги заводида ишлаб чиқарилади.