АТБ “Қишлоққурилишбанк” ходимлари ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилишди
Бобур Қурбонов, Олима Рўзиева, Тоҳир Шеров, Ҳусен Ходжаев, Шаҳобиддин Қурбонов ва Шуҳрат Муртазоевлар ўзаро жиноий тил бириктириб, банк кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилишни режалаштирганлар. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Хусусан, Б.Қурбонов банк бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаб, банк кредитлаш бўлими бошлиғи Ш.Қурбонов ва бўлим мутахассиси Ҳ.Ходжаевлар “ёрдами”да якка тартибдаги тадбиркор О.Рўзиевага чорва моллари сотиб олиш учун АТБ “Қишлоққурилишбанк” Гала-Осиё филиалидан 69 млн.сўм кредит маблағларини ажратадилар.
Бу йўлда улар хужжатларни сохталаштириш билан билан бирга гўёки олинган кредит маблағлари мақсадли сарфланаётганлиги ҳусусида сохта ёзув ва маълумотлар киритишни ҳам унутмайдилар.
Шунингдек О.Рўзиева раҳбарлигидаги “Madad Gazoil Invest” МЧЖга тегишли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида ишловчи А.Ахроровнинг номига ташкил қилинган ЯТТ “А.Ахроров”га АТБ “Қишлоққурилишбанк” Гала Осиё филиалидан ажратилган 70 млн.сўмлик кредит маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинади.
Бундан ташқари, Б.Қурбанов АТБ “Қишлоққурилишбанк” вилоят минтақавий филиали собиқ бошқарувчиси Ш.Муртазоев мазкур банкнинг Гала-Осиё филиали собиқ бошқарувчиси Т.Шеров, кредитлаш бўлими бошлиғи Ш.Қурбонов ва бўлим мутахассиси Ҳ.Ходжаевлар О.Рўзиева раҳбарлигидаги “Madad Gazoil Invest” МЧЖ га қарашли АЁҚШ биносини сотиб олиш учун АТБ “Қишлоққурилишбанк” вилоят минтақавий филиалидан кредит шартномасига биноан 320 млн. сўмлик кредит маблағлари расмийлаштирадилар.
Ўз навбатида, О.Рўзиева ажратилган кредит маблағларини бизнес режасида кўрсатилган йўналишларга зид равишда кредит маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилади.
Шундай қилиб, Ботир Қурбонов, Олима Рўзиева, Тоҳир Шеров, Ҳусен Ходжаев, Шаҳобиддин Қурбонов, Шуҳрат Муртазоевлар 459 млн.сўмлик жуда кўп миқдордаги кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон –тарож қилишганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан уларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, 4 нафари эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, 2 нафарига эса гаров эҳтиёт чораси қўлланган эди. Айбланувчиларнинг яқин қариндошлари томонидан 459 млн.сўм миқдорида етказилган зарар тўлалигича қопланганлиги инобатга олиниб, суд томонидан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.