Элликқалъа туманида “Ким эдигу, ким бўлдик? Эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз лозим?” мавзусида тадбир бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига йигирма беш йил тўлиши муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида таниқли маданият ва санъат соҳаси вакиллари, шоир ва ёзувчилар билан тарғибот-ташвиқот учрашувлари ташкил қилинмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Элликқалъа тумани Сарабий агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида “Ким эдигу, ким бўлдик? Эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз лозим?” мавзусида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир иштирок этди. Тадбир давомида юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, бугунги кунда ёшларга берилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир иштирокидаги яна бир тадбир Муҳаммад Юсуф номидаги Бўстон академик лицейида бўлиб ўтди. Элимиз ардоқлаган шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 62 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган адабий кечада тумандаги адабиётшунослар, ёш шоир ва шоиралар, лицей ўқувчилари иштирок этди. Тадбирда шоир қаламига мансуб шеър ва достонлардан парчалар, қўшиқлар ижро қилинди. Шоирнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти ҳақида кўплаб маълумотлар берилди.
Шунингдек, туманда мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги “Ашула ва рақс” ансамбли томонидан хайрия концерт дастури ўтказилди. Бўстон шаҳри амфитеатрида бўлиб ўтган хайрия концертида Учқун Тиллаев, Ўткир Муҳамаджонов, Аваз Охун, Дилсўз, Гулюз, Фирдавс Пазлиддинов каби таниқли санъаткорлар иштирок этди. Тадбир доирасида хизмат пайтида ҳалок бўлган ички ишлар ходимларининг оилаларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Қутлуғ сана муносабати билан тумандаги муҳташам Санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлиги ташаббуси билан, Ўзбекистон давлат санъат музейи томонидан “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” фотокўргазмаси ташкил қилинди. Фотокўргазмадан юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, янгидан барпо этилган Жаҳон стандартларига мос иншоотлар, санъат, маданият ва спорт соҳасида эришилаётган ютуқлар, виждон эркинлиги, ёшларнинг ўз юртига садоқати, диний бағрикенгликни ифодаловчи 150 дан ортиқ фототасвирлар ўрин олган. Фотокўргазма яна икки кун давомида намойиш қилиниши режалаштирилган бўлиб, туман ёшлари хотирасида ижобий таассуротлар билан узоқ сақланиб қолади.
Дилшодбек Жуманиёзов