Жаҳон | 12:09 / 22.04.2016
2022
2 дақиқада ўқилади

NYT: АҚШ Россия сувости кемалари фаоллашганини қайд этмоқда

Пентагон ва НАТО ҳарбийлари, рус ҳарбий сувости кемалари фаоллашаётганидан огоҳлантираяпти, деб ёзмоқда The New York Times нашри.

АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг Европа ва Африкадаги бўлинмалари қўмондони адмирал Марк Фергюсоннинг маълум қилишича, рус кемаларининг патруллик қилиши охирги йилда қарийб 50 фоизга кўпайган.

Нашр ҳисоб-китобларига биноан, рус сувости кемалари сони Скандинавия, Шотландия, Ўрта ер денгизи ва Атлантика океани шимолий қисмида кўпроқдир. Бу ҳолат сўнгги 20 йиллар давомида илк бор кузатилмоқда.

NYT газетаси, Россия ҳарбий денгиз кучлари ихтиёрида, шовқинсиз ва яхши қуролланган янги русумдаги сувости кемалари пайдо бўлганини эътироф этиб, экипаж аъзоларининг маҳорати ҳам ўсганини таъкидлаган. Шунингдек, Россия ядро арсенали модернизация қилинмоқда, мамлакатнинг киберҳудуддаги имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда.

«Биз буюк давлатлар рақобатлашувига қайтдик», — деган фикрни билдирган АҚШ ҲДК штаби раҳбари адмирал Жон Ричардсон. Шу муносабат билан, АҚШ мудофаа вазирлиги сувости флоти ва кемаларга қарши қуролларини молиялаштиришни кучайтириш ниятида.
Пентагон маъмурияти, "Виржиния" русумидаги 9та сувости кемасини харид қилиш учун 8,1 млрд. доллар ажратишни таклиф этмоқда. Уларнинг ҳар бири 40 та «Томагавк» ракетаси билан жиҳозланиши мумкин.

Бундан ташқари, Исландиядаги Кефлавик базасини модернизация қилиш учун 20 млн. доллар ажратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Пентагон тадқиқотчилари, рус сувости кемаларининг шифрланган мулоқотини тутиш технологияси устида иш олиб бормоқдалар. Субмариналар ортидан кузатиб юрувчи экипажсиз овчи-кемалар синови ҳам поёнига етказилмоқда.