ОАВ: коалиция авиацияси ИШИДнинг 500 млн долларлик нақд пулини йўқ қилди
АҚШ бошчилигидаги халқаро аксилтеррорчилик коалицияси авиацияси ИШИД террорчилик гуруҳининг 500 млн долларга яқин нақд пули сақланадиган жойни йўқ қилди. Бу ҳақда 22 апрелда USA Today нашрида чоп этилган мақолада айтилган.
"АҚШ бочилигидаги коалиция ИШИДнинг 500 млн долларга яқин нақд пулини кулини кўкка совурди ва шу тариқа унинг нефтдан олган даромадининг тахминан 50 фоизини йўқ қилди", деб Пентагон раҳбарияти вакили сўзларини келтирмоқда нашр. Вакил "разведка йўқ қилинган нақд пуллар миқдорини 200 млн дан 1,3 млрд долларгача оралиқда баҳолаётганини" қайд қилди. "Бироқ 500 млн доллар – ҳақиқатга яқинроқ рақамдир", деб қўшимча қилган вакил. Бироқ газета разведка бунга қандай баҳо бергани ва ИШИД бу маблағларни қандай даврда олганига ойдинлик киритмаган. Таъкидланишича, террорчилик гуруҳи ҳар ҳафта йўқ қилинаётган жангариларнинг 25 фоизинигина ёлланма жангарилар билан тўлатмоқда.
Пентагон вакилининг маълумотларига кўра, террорчилик гуруҳи раҳбарияти молиявий йўқотишлар сабабли ўзи назорат қилувчи бир қатор ҳудудларда ёнилғини ишлатишни чеклаш ва жангариларга бериладиган ҳақни икки баробарга қисқартиришга мажбур бўлган. Пентагон вакили авиазарбалар ҳар ойда 1,5-2 минг жангарининг йўқ қилинишига олиб келаётганини маълум қилди.