Штайнмайер: Россия Сурия жангарилар томонидан ишғол этилишини хоҳламайди
ГФР ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Франк-Вальтер Штайнмайер Handelsblatt нашрига берган интервьюсида маълум қилишича, Россия Сурия муаммосига барҳам бериш бўйича музокаралар давом этишидан манфаатдор ҳисобланади. У расмий Москва Сурия араб республикаси ҳокимиятига жангарилар келиши мумкин эмаслигини яхши тушунишини таъкидлаб ўтган.
"Ўйлашимча, Россия Сурия тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолишини истамайди", — деган Германия ташқи ишлар вазири.
"Россия ҳар қандай вазиятда ҳам Суриянинг ҳозирги ҳокимияти барбод бўлиши ва жангарилар ҳукуматни ўз қўлларига олишларини хоҳламайди".
Штайнмайернинг айтишича, "Россия, биринчи навбатда, Суриядаги ҳарбий денгиз базаларини сақлаб қолиш ва у орқали Ўрта ер денгизига чиқиш имкониятини қўлида ушлаб қолишдан манфаатдордир".
Бундан ташқари, "РФ бошқа йирик давлатлар, хусусан, АҚШ билан бир даражада бўлишни хоҳлайди".
"Бу манфаатлар қатори, Кремлнинг Ислом олами радикаллашуви кучайиб, Россия жанубий чегараларига кириб келишидан хавотирланиши ҳам ўринлидир", — деб айтган Штайнмайер.
"Шу сабабларга кўра, Россия манфаатлари фақат Сурия президенти Асадни ҳокимият тепасида сақлаб қолиш билан чегараланади, дейиш нотўғри бўлар эди", — деган Германия ташқи ишлар вазири.