Жамият | 21:07 / 22.04.2016
6612
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда “Йилнинг энг яхши саҳна асари” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди

Самарқандда Ўзбекистондаги маданият ва санъат коллежлари жамоалари ўртасида “Йилнинг энг яхши саҳна асари” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

– Ёшларни театр санъатимиз тарихи ва анъаналари билан таништириш, бугунги кун талабларига мос саҳна асарлари яратишга жалб этишда ушбу танловнинг аҳамияти катта, – дейди “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бошқарма бошлиғи Эсонбой Ўринов. – Тўрт кун давом этган танловда ўқувчилар томонидан долзарб мавзулардаги 15 дан ортиқ спектакль намойиш этилди ва улар таниқли театр арбоблари, санъатшунослар томонидан юқори баҳоланди.

Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида ўтказилган тақдирлаш маросимида Қарши санъат коллежи ўқувчиларининг “Адолат тизгини” спектакли “Йилнинг энг яхши саҳна асари”, деб эътироф этилди. Гулистон санъат коллежи жамоаси саҳнага қўйган “Тикансиз типратиканлар” спектакли иккинчи, Навоий маданият ва санъат коллежининг “Қиз келин” асари учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.