БМТ КХДРга нефть экспорт қилишни тақиқлаши мумкин
АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ҳукумати, БМТ Хавфсизлик кенгашидан Шимолий Кореяга нефть экспорт қилишни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилишни талаб қилиш ниятида. Расмий Пхеньян янги ядро синови ўтказгудек бўлса, шу мазмундаги мурожаат Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига киритилади, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги япон ОАВга таянган ҳолда.
ОАВ манбаларига кўра, резолюцияга Ш. Кореяга нефть сотишни тақиқлашдан ташқари, мамлакатдаги ягона Air Koryo авиакомпанияси самолётларининг парвозига ҳам рухсат бермаслик банди киритилиши мумкин.
Қайд этилишича, мазкур уч давлат КХДРга нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласида Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилмоқчи.
Шу ҳафтада, Япония ташқи ишлар вазири ўринбосари Акитака Сайки, АҚШ давлат котиби ўринбосари Энтони Блинкен ва Ж. Корея ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Лим Сон Нам Сеулда учрашиб, КХДРга нисбатан босимни кучайтиришга келишиб олишди.
Жанубий Корея миллий мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, расмий Пхеньян баллистик ракета учун термоядро жанговар каллагини синовдан ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.
АҚШ давлат котиби ўринбосари Энтони Блинкен Шимолий Кореяни ўз ядро дастурини музлатишга чақирган эди.