Жаҳон | 16:51 / 23.04.2016
1717
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 2 ҳафта ичида 220дан ортиқ киши жазирама қурбонига айланди

Ўтган икки ҳафта ичида Ҳиндистонда 220дан ортиқ киши иссиқ иқлим қурбонига айланди, 330 миллиондан ортиқ аҳоли истеъмол суви етишмовчилигидан азият чекмоқда. Бу ҳақида 23 апрель куни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот берди.

"Энг оғир вазият жанубий штатлар - Одиш, Теланган ва Андҳра-Прадешда юзага келган, бу ерда охирги икки ҳафта ичида 220 нафар киши ҳалок бўлди", - дейилади манбада.

Одишда мамлакатдаги энг юқори ҳарорат қайд этилди - Цельсий бўйича 47,5 градус.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат ҳудудининг аксарият қисмида ўта иссиқ ҳарорат кузатилиб, истеъмол суви танқислигидан 256 округ аҳолиси азоб чекмоқда. У ерлардаги аҳоли сони 330 миллиондан ортиқ бўлиб, бу мамлакатнинг чорак аҳолисини ташкил этади.

Ҳиндистон метеорология маркази бу йилги ёз охирги 100 йил ичидаги энг иссиғи бўлишини тахмин қилмоқда.

Сўнгги икки йилда ёмғир мавсумида ёғингарчиликнинг камлиги ҳам вазиятни янада кескинлаштирди. Ҳукумат вакиллари мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилди. Аҳолига иссиқ авжига чиққан вақтда, яъни соат 11:00-13:00 оралиғида уйларини тарк этмаслик мсалаҳат берилди, пунктларда истеъмол суви ва зардоб текин тарқатилмоқда.

Мутахассислар мисли кўрилмаган иссиқ ҳароратни маҳаллий аномалия ва Эль-Нинонинг кучли таъсири билан изоҳлашмоқда.