Жаҳон | 08:58 / 23.04.2016
2046
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев: бизнинг дорилар хорижийлардан сифатсиз дейишганда, жуда ранжийман

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 22 апрелда Жанубий Қозоғистон вилоятига ташрифи давомида "Химфарм" АЖнинг янги цехига ташриф буюрди.

Назарбоев янги цехнинг иши ва у ишлаб чиқарадиган маҳсулот билан танишди. Назарбоев цехнинг ишчилари билан суҳбатлашди ва уларга муваффақиятлар тилаб қолди.

Назарбоев Чимкент шаҳрини Қозоғистоннинг бош дори-дармон ишлаб чиқарувчиси деб атади ҳамда сифатга катта эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

"Бу ерда бунинг учун барча нарса муҳайё: корхоналар, ходимлар, анъаналар ва салоҳият. Менга Қозоғистонда ишлаб чиқарилган дори воситалари сифатсиз, хорижийлари эса ёрдам беради деганларида, жуда оғир ботади. Шунинг учун сифат устида доимо ишлаш керак", деб таъкидлаб ўтди Назарбоев.

 

Қозоғистон президентининг айтишича, бугун мамлакатда 1 млрд долларга яқин дори воситалари импорт қилинади. Унинг айтишича, Қозоғистон фармацевтика саноати импорт воситаларнинг ўрнини маҳаллий воситалар билан босишга интилиши керак.

Назарбоев доривор ўтлардан табиий воситаларни ишлаб чиқариш зарурлиги ҳақида гапира туриб, бу жараён Жанубий Қозоғистон вилоятида муваффақиятли йўлга қўйилганини айтиб ўтди.

Ўз навбатида цех ишчилари Қозоғистон президентига соҳанинг ривожланишига қаратилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар.