Жамият | 17:19 / 24.04.2016
1983
2 дақиқада ўқилади

Асфальт қоришмаси ортидан “тирикчилик” қилган раҳбар қўлга тушди

Бўка туманида яшовчи Азимжон Бобоевга (исм-фамилияси ўзгартирилган) маҳалладошлари ҳавас қилишарди. Олий маълумотли, ҳамқишлоқлари орасида ҳам ҳурмати ўзгача. У туман йўл қурилиш ва таъмирлаш корхонасида раҳбар эди. Йўлларнинг жамиятимиздаги аҳамиятини инобатга олсак, А.Бобоев зиммасидаги маъсулият нечоғлик улканлигини англаш қийин эмас.

2014 йилнинг октябрь ойида А.Бобоев мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, бош ҳисобчи Ҳалима Камронова ҳамда корхонанинг ходимлари Сайфи Усмонов ва Эргаш Мўминовлар билан ўзоро жиноий тил бириктирди. Улар йўл қуришда ишлатиладиган асфальт қоришмаси ортидан “тирикчилик” қилишга келишиб олишади. Дастлаб А.Бобоев корхонага кирим қилинган 362,7 тона асфальт қоришмасини ҳисоботларда 388,9 тонна қилиб кўрсатади ва натижада бюджетдан ошиқча 25 млн.486 минг сўм маблағнинг ортиқча ундирилишига эришади. Ушбу гуруҳ 2015 йилнинг апрель ойларида ҳам шу тариқа йўл тутиб, яна 75 млн.743 минг сўм маблағни қўлга киритиб, йўқ қилиб юборди.

Бугина эмас, уюшган гуруҳ аъзоларининг “ташаббуси” билан жамият томонидан 2014 йилда туман ДСИга тақдим этилган ҳисоботларга 98248.7 минг, 2015 йилда эса 11558.2 минг сўмлик мажбурий солиқларни киритилмаслиги натижасида давлат манфаатларига моддий зиён етказилади.

Жиноят ишлари бўйича Пискент туман суди томонидан айбдорларга нисбатан тегишли жазо тайинланиб, ҳукм чиқарилди.