Жаҳон | 20:40 / 24.04.2016
2175
2 дақиқада ўқилади

Миср президенти: Миср ҳеч кимга давлатга ишончни барбод қилишга рухсат бермайди

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий 25 апрелнинг Синайнинг озод этилиши куни сифатида нишонланиши муносабати билан миллатга мурожаатида Миср ҳеч кимга давлатга ишончни барбод қилишга рухсат бермаслигини айтди.

"Миср миллий хавфсизликка таҳдидларга қараб турмайди ва ҳеч қандай кучларга араб дунёсида ҳукмронликни ўрнатишга имкон бермайди. Биз давлатимизни ўз ўғлонларимиз учун қуришда давом этамиз! Давлат институтларини ёвузлик кучлари томонидан барбод қилишга уринишлардан сақлаш керак", деб айтди ас-Сисий ва "муайян элементлар томонидан давлатнинг барқарорлиги ва хавфсизлигини барбод қилишга уринишлар бўлаётганини" қўшимча қилди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ас-Сисийнинг баёноти биринчи навбатда Ар-Риёдга Қизил денгиздаги иккита орол – Тирана ва Санафиранинг берилишига қарши чиқаётганларга қаратилган. Бу ороллар кўп йиллар давомида Қоҳиранинг юрисдикцияси остида бўлган. Миср парламенти томонидан ратификация қилиниши керак бўлган тегишли битим апрель бошида Саудия Арабистони қиролининг Мисрга ташрифи давомида имзоланганди.

Мисрда фуқаролар Синай яриморолининг Исроил оккупациясидан озод этилишининг 34 йиллигида Миср кўчаларига оролларнинг берилишига қарши намойишга чиқишга чақирилмоқдалар.