Обама Ҳанноверга ишчи сафар билан келди
АҚШ президенти Барак Обама Германияга ишчи сафар билан келди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, Обама Германия канцлери Ангела Меркель билан бирга Ҳанновердаги саноат ярмаркасини очади.
Ҳанновер технологиялар ва саноат инвестициялари ярмаркаси дунёдаги энг йирик ярмарка ҳисобланади ва жорий йилда тадбирнинг ҳамкори АҚШ ҳисобланади.
Обама Германияга ўзининг дунё бўйлаб сафари давомида ташриф буюрди, у бундан аввал Саудия Арабистони ва Буюк Британияга ташриф буюрганди.
Focus нашрининг маълум қилишича, ярмарка олдидан ўн минглаб одамлар Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида эркин савдо битими тузилишига қарши намойишга йиғилишган.
Нашр маълумотларига кўра, Германия кўчаларига 90 мингга яқин одам чиққан, 35 мингга яқин полициячи хавфсизликни таъминламоқда.
Маҳаллий ОАВ таъкидлашича, Обама ва Меркелнинг учрашуви мавзуси Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида эркин савдо битими шартлари муҳокамаси бўлади.
Аввалроқ Ангела Меркель Европа Иттифоқининг мақсади Обаманинг президентлик муддати тугагунча бу битимни тузиш ҳисобланишини айтганди.