Жамият | 16:23 / 24.04.2016
2210
2 дақиқада ўқилади

Порахўр оқсоқоллар жиноий жавобгарликка тортилди

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида бош прокуратурада ташкил қилинган мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш Марказига билдирилган мурожаатлар асосида бундай суиистеъмолчиликларга ўз вақтида барҳам бериб келинмоқда. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Таҳлилларга кўра, бу тоифадаги мурожаатлар асосан Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мурожаатларни текшириш натижасига кўра, 159 нафар фуқаролар йиғинлари ходимлари интизомий, 51 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Жиддий қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 22 та жиноят иши қўзғатилди.
Мисол учун, фуқаро Ю.Хатамованинг Зомин туманидаги “Навбаҳор” МФЙ раиси томонидан 2 ёшгача таъминланадиган бола пули берилмаётганлиги ҳақидаги ишонч телефонига мурожаати ўрганилганда, фуқаронинг нафақа тайинлашни сўраб ёзган аризаси қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилмаганлиги аниқланиб, фуқаролар йиғини раиси вазифасини бажарувчи У.Тўйчиевга нисбатан МЖтКнинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Бундан ташқари, фуқаро А.Раззоқова Янгиқўрғон туманидаги “Барака” МФЙ раиси Ҳ.Юсупов вояга етмаган фарзандига нафақа тайинлаш учун 300 минг сўм талаб қилаётганлиги ҳақида Бош прокуратуранинг ишонч телефонига мурожаат қилган эди.
Мурожаат бўйича ўтказилган тезкор тадбирда Ҳ.Юсупов ушбу пулларни пора тариқасида олаётганда жиноят устида қўлга олинди ва суд ҳукми билан 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.