Жаҳон | 17:21 / 25.04.2016
1761
2 дақиқада ўқилади

"Газпром" 2016 йилда газ қазиб олишни 8 фоизга оширишни режалаштирмоқда

"Газпром" компаниясининг 2016 йилда газ қазиб олиш бўйича тасдиқланган режаси 452,45 млрд куб/метрни ташкил этади. Бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан 8 фоизга кўп демакдир. Бу ҳақда "Газпром" журналига "Газпром" ОАЖ бошқаруви раиси ўринбосари Виталий Маркелов маълум қилди.

"2016 йилги режа бўйича, 452,45 млрд куб/м газ, 15,6 млн тонна газконденсати ва 38,9 млн тонна нефть қазиб олинади". 2015 йилда эса 485,36 млрд куб/метр газ қазиб олиш режалаштирилган, аммо талаб тушиб кетгани туфайли бу рақамга тузатишлар киритилиб, 414,1 млрд куб/метрга ўзгартирилган эди. Йил якунларига кўра, 418,5 млрд куб/м газ, шу жумладан, 8,4 млрд куб/м нефть гази қазиб олинган.

Унинг қўшимча қилишича, Ямал округи Россиянинг стратегик нефтгаз минтақаси ҳисобланади. 2030 йилга келиб, бу ерда йилига 360 млрд куб/метр газ қазиб олиниши мумкин. Ямал газини ташиш мақсадида Россияда ўхшаши йўқ газтранспорт тизими барпо этилмоқда. У Ямал яриморолини РФ марказий туманлари билан боғлайди. Ямал гази Ямал - Ухта - Грязовец - Торжок; Грязовец - Ярославль; Ухта - Починки йўналишлари бўйлаб мижозларга етказилади.