Корея Республикасининг “Vision Care Servise” халқаро ташкилоти шифокорлари Ўзбекистонда бўлади
“Соғлом авлод учун” фонди 2015 йил давомида Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро фонди, Корея халқаро соғлиқни сақлаш KOFIH фонди, Ewha Womans University, Ин Ха ва Бундан Ча университетлари госпиталлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирди.
Жумладан, фонд узоқ йиллардан бери Корея Республикасининг бир қатор халқаро ташкилотлари ва Университетлари билан ҳамкорликда кенг кўламда фаолият олиб бормоқда. Фонд 2015 йилдан бошлаб Корея Республикасининг “Vision Care Servise” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Корея Республикасининг ушбу ташкилоти билан офталмология соҳасидаги хайрия акцияси 2015 йил 18-21 май кунлари Бухоро шаҳридаги Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида “Daewoo International” корпорацияси ҳомийлик кўмагида ташкил этилган. Хайрия акцияси давомида жами 707 нафар аҳоли (катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш борасидаги беморларга дори-дармонлар, кўзойнаклар тарқатилган) офталмологик тиббий кўрикдан ўтказилган 93 нафар оғир деб топилган катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш борасидаги беморлар жарроҳлик амалиёти орқали соғломлаштирилган. Шунингдек 2-5 ноябрь кунлари Фарғона вилояти офталмология клиникасида жами 835 нафар аҳолини тиббий кўриклардан ўтказилиб, 119 нафар оғир деб топилган кўз соҳасидаги беморлар жарроҳлик амалиёти орқали соғломлаштирилган.
Ушбу ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 19 апрелда тасдиқланган 10/1-3331-сонли ташриф Дастури доирасида жорий йилнинг 24-29 апрель кунлари Корея Республикасининг “Vision Care Servise” халқаро ташкилоти шифокорлари (16 нафар ташкилот ходими, офталмолог врачлар, тиббиёт ҳамширалари, волонтер) томонидан Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида 25-28 апрел кунлари (соат 08:00 дан 19:00 гача) Бухоро ва Навоий вилоятларида истиқомат қилувчи беморларни катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш борасида умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади.
Жорий йилдаги хайрия акцияси давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Vision Care Servise” халқаро ташкилотлари ўзаро келишув меморандуми доирасида жами 300 нафардан ортиқ кўз соҳасида касаллиги бўлган беморлар офталмологик тиббий кўрикдан ўтказиш ва 80 нафар атрофидаги беморда катарактани бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилган.
Тиббий кўрикдан ўтганларга хорижлик мутахассислар ўзлари билан олиб келган дори-дармон ва санитария-гигеина воситаларини беморларга бепул тарқатишди.