Жаҳон | 12:09 / 25.04.2016
1794
2 дақиқада ўқилади

КХДРда Корея халқ армиясининг 84 йиллиги кенг нишонланмоқда

Шимолий Кореяда мамлакат қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 84 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилишлар, концертлар ва спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. Аммо ҳарбий парад ўтказиш режаси мавжуд эмас.

Пхеньян аҳолиси анъанага кўра, шаҳар марказидаги Мансу тепалигига ўрнатилган Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйишган. Ҳарбий қабристонларни зиёрат қилиш ҳам оммавий равишда ўтказилган. Россия, Хитой, Вьетнам, Куба, Эрон ва Мисрнинг Пхеньяндаги ҳарбий атташелари икки Корея ўртасидаги урушда ҳалок бўлганларнинг рамзий қабрига гулчамбарлар келтиришган.

Байрам арафасида, Ким Чен Ин сувости кемасидан баллистик ракета учирилишига раҳбарлик қилди. Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) хабарига кўра, сувости кемаси максимал чуқурликда бўлган. Ракетага эса, қаттиқ ёқилғида ишлайдиган янги турдаги двигатель ўрнатилган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши, ўз навбатида, Шимолий Кореянинг 23 апрель куни ўтказган синовларини қоралаб, резолюцияларни яна бир бор қўпол равишда бузиш, деб атади. ХК аъзолари Пхеньяндан бу каби ҳаракатларни бас қилишни талаб қилиб, вазиятни диққат билан кузатиш ҳамда зарур бўлган ҳолларда, жиддий чоралар кўришга келишиб олдилар.

Умуман, "КХДР томонидан янги баллистик ракеталар ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш ишлари, улар муваффақиятсиз якунланган тақдирда ҳам" Хавфсизлик кенгашининг 2006-2016 йилларда қабул қилган 5та резолюцияси билан тақиқланган. Расмий Пхеньян эса, бу резолюцияларни тан олмаслигини таъкидлаб келади.