Фан-техника | 18:14 / 25.04.2016
1928
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Mitsubishi Motors "ёқилғи можароси"га алоқаси бор 2 миллиондан ортиқ автомобиль сотган бўлиши мумкин

"Ёқилғи можароси"га аралашиб қолган Mitsubishi Motors компанияси, техник тавсифларида ёнилғи сарфига оид рақамлар ўзгартирилган 2 миллиондан ортиқ автомобилини сотган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Киодо” ахборот агентлиги хабар қилмоқда.

Шу пайтгача, компаниянинг 10 та моделида қоидабузарликларга йўл қўйилган, улар орасида машҳур Pajero модели, eK сериясидаги кичик литражли автомобиллар ҳам бор. Аммо ҳозирча уларнинг тўлиқ рўйхати эълон қилинмаяпти. Қайд этилишича, ёқилғи сарфи камайтириб кўрсатилган илк автомобиллар 2002 йилдаёқ сотувга чиқарилган.

Япония ҳукумати ишлаб чиқарувчига нисбатан тергов ишларини олиб бормоқда. Хусусан, унинг бош қароргоҳи ва тадқиқот марказида текширувлар ўтказилган. Мамлакат вазирлар маҳкамаси бош котиби Есихидэ Суганинг баёнотига кўра, ҳукумат мижозлар ишончини суиистеъмол қилган корпорацияга нисбатан қатъий чоралар кўради.

ОАВ ёзишича, компания ўз навбатида, автомобиль сотиб олинганидан бошлаб ортиқча сарфланган ҳар литр бензин қийматини тўлаб бериш ташаббуси билан чиқиши эҳтимоли бор.

Шу йилнинг 20 апрелида компания раҳбари Тэцуро Аикава ёқилғи сарфига оид қоидабузарликларга йўл қўйилганини тан олган эди. Унинг айтишича, рақамлар ўртача 5-10 фоизга ўзгартирилган бўлиши мумкин.

Компаниянинг фирибгарликлари ошкор бўлгач, Mitsubishi Motors акциялари камида 40 фоизга арзонлашиб кетган ва унинг етакчи ҳамкорларини ҳам ўз домига тортган эди.