Жаҳон | 20:04 / 25.04.2016
1796
2 дақиқада ўқилади

Путин журналистлар касби борасида ҳазил қилди

Россия президенти Владимир Путин Йошкар-Оладаги Умумроссия халқ фронти форумида журналистлар касби борасида ҳазил қилди. Бу ҳақда RT телеканали сайтида хабар берилган.

Форум иштирокчиларидан бири Путинга ишини ўзгартиргани, яъни ўқитувчилик касбини ташлаб, ОАВда ишлашни бошлаганини айтган. Путин бундай касб ўзгартиришни "пастлаш" деб атади, бироқ бу сўзлари кетидан тезлик билан бу ҳазил эканлигини қўшимча қилди.

"Сиз ўқитувчи бўлганмисиз? Кейин журналистми? Қандай пастлаш! Ҳазиллашдим", деб киноя билан гапирди Путин.

Учта инқилоб шаҳри деб номланадиган Санкт-Петербургдаги аввалги форумда ҳам Путин журналистлар ҳақида киноя билан гапириб, журналистларнинг иши натижаси 4-инқилобга олиб келмаслигига умид қилишини айтганди.

Путин ўша форумда, шунингдек, ҳукумат эркин матбуот душмани ҳисобланмаслигини айтганди.

"Эркин матбуот фақатгина қаллоблар, давлат бойлигини таловчилар ва жиноятчилар учун душман бўлиши мумкин, халқ учун хизмат қиладиган ҳукумат учун эса бундай вазият бўлиши мумкин эмас", деб таъкидлаб ўтганди Путин.

Умумроссия халқ фронти ҳудудлараро форуми 24 апрелда бошланди. Тадбирда 20 мингга яқин фаоллар қатнашган сўровномалар натижаси ҳамда президентнинг буйруқ ва топшириқлари бажарилиши муҳокама қилинмоқда.