Жамият | 20:11 / 25.04.2016
7219
4 дақиқада ўқилади

У юзларида ажин билан туғилди, йўлда эса уни мўъжизалар кутиб турарди...

Бундан 21 йил муқаддам Россиянинг Новый Уренгой шаҳрида Катя Неженцева номли бир қизалоқ дунёга келди. Чақалоқнинг онаси Ирина ўз фарзандига қарар экан, даҳшатдан аъзои бадани титраб кетди: чунки янги туғилган чақалоқнинг момиқ юзлари кексаларники сингари ажинга қопланган эди. Эр эса... Эр эса барини тақдир измига ташлаганча, уйдан бош олиб, чиқиб кетди.

Тиббиётчилар чақалоқ нега бундай туғилганига ойдинлик киритишди: у тери касалликларининг кам учрайдиган тури — прогерией хасталигига чалинган эди. Агар статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, бу каби дардга чалинган юз нафардан кўпроқни ташкил этади холос. Қоидага мувофиқ бу касаллик билан туғилганлар узоқ яшамасликлари керак эди. Аммо Катяга келганида...

Қиз умри давомида қийналиб яшади. Сабаби тенгдошлари унинг устидан кулишар, масхара қилишар, бу эса қизга қаттиқ ботарди. У худди кампирларга ўхшар, қалин ажинлар ва осилиб турган тери уни ўта аянчли кўрсатар эди. «Мен доим ўзимга ўзим, ахир айбим нима, деб сўрардим, бироқ жавобини сира тополмасдим», — деган эди Катя бир сафар берган интервьюсида. «Ана шунда мен инсонларни ташқи кўриниш билан эмас, аксинча, ақл, яхшилик ва меҳр билан ҳайрон қолдиришга аҳд қилдим. Ҳар бир одам боласи учун энг кераклиси бу — меҳрдир».

Кучли ирода туфайли у синмади. Худо томонидан юқтирилган истараси ва қатъий фазилатлари туфайли, у дўстлар орттирди. Бу дўстлар унинг ҳеч нарсасига аҳамият бермай, унга меҳр қўйишди, у билан дўстлашишди.

Ҳаёт тасодифларга тўла. 2011 йилда у марказий телевидениенинг машҳур кўрсатувларидан бирига интервью бергани борди. Шу сабаб бўлди-ю, унга мамлакатдаги етук пластик жарроҳлари қизиқиб қолди. Екатерина жарроҳлик столига ётди. Унинг учун ҳаёт-мамот дақиқалари бошланди.

Жарроҳликдан сўнг, у мутлақо бошқа инсонга айланган эди. Ана шундан сўнг, у бахтини учратди. Оила қурди. Бу ҳам тасодиф сабаб бўлди: унинг бўлажак эри Денис рақам теришда янглишди ва Катянинг қўл телефонига тушиб қолди. Бу эса катта муҳаббатга замин яратди. Дениснинг айтишича, унинг рафиқасида шундай бир жозиба бор-ик, уни шу пайтга қадар бирорта аёлда учратмаган.

Катя ҳомиладор бўлганида, шифокорлар қўрқиб қолишди: чунки чақалоққа онанинг қисмати тушиши мумкин эди. Аммо барчаси яхшилик билан тугади ва у ёруғ оламга Глеб исмли ўғил фарзанд келтирди. «Худо бизга улуғ неъмат берди, бундан ортиқ яна нима бўлиши мумкин?» — деди Катя бахтдан тўлиб-тошган ҳолда.
Нега бу қиз ҳақида ҳикоя қилиб бердик?..

Инсон ҳеч қачон таслим бўлмаслиги керак. Ҳеч қачон. Бахт — тақдирнинг совғасидир. Энг асосийси, шуни унутмаслик керакки, барчанинг ўз шодлиги бор, барчанинг ўз қайғуси бор. Доим яхшиликка, яхшиликка ва энг катта яхшиликларга интилиб яшаш керак.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади