Украинанинг биринчи бош прокурори Порошенкони ҳибсга олишга чақирди
Украинанинг биринчи бош прокурори Виктор Шишкин агар ҳали ҳам лавозимини эгаллаганда, Украина президенти Пётр Порошенко, бош вазир Владимир Гройсман ва собиқ бош вазир Арсений Яценюкга нисбатан жиноий иш қўзғатган бўлишини айтди. Бу ҳақда Шишкин Gordon.ua нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Шишкиннинг айтишича, Порошенкони масъулиятсизлиги, Яценюкни эса ватанини сотишга ҳаракат қилгани учун ҳибсга олиш лозим. "Фикримча, Гройсманни Олий рададаги ҳийла-найранглар, ҳужжатларни қалбакилаштириш учун ҳибсга олиш керак", деб қўшимча қилди Шишкин. У Украина "издан чиққани" айтган.
Ҳозирда Украина бош прокурори лавозими бўш турибди. 11 апрелда бу лавозимни "Блок Петра Порошенко" фракцияси раиси Юрий Луценко эгаллашга розилиги ҳақида маълум қилган. Бироқ, Украина конунчилигига кўра, бош прокурор ҳуқуқшунослик маълумоти ва ҳуқуқ соҳасида 10 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак. Луценко эса бу мезонларга тўғри келмайди. 20 апрелда эса Радага бу лавозимга номзодларга қўйиладиган талабларни соддалаштирувчи қонун лойиҳаси киритилганди.
29 мартда Рада депутатлари мамлакатнинг бош прокурори Виктор Шокиннинг истеъфога кетишига овоз берганди.
Виктор Шишкин бош прокурор лавозимини 1991-1993 йиллар давомида эгаллаган, 2006-2015 йиллар давомида эса Украина Конституцион суди ҳаками бўлган.