WSJ: Германия ЕИ мамлакатлари орасида парвозлар хавфсизлигини энг ёмон таъминлайдиган давлат
Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) эълон қилган ҳисоботга кўра, Германия авиапарвозлар чоғида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш масаласида энг ёмон кўрсаткични қайд этган мамлакатлардан бири бўлган. Американинг The Wall Street Journal газетасида чоп этилган мақолада шу ҳақда хабар қилинмоқда.
«Европанинг энг ривожланган мамлакатларидан бири экани ва Франкфурт халқаро аэропорти каби йирик авиаузел мавжудлигига қарамай, хавфсизлик борасида 18та муаммо ўз ечимини кутмоқда. Бу рақам, унча катта бўлмаган ва иқтисодий жиҳатдан ҳам кам тараққий этган Босния ва Герцеговина, Словакия ва Албания каби мамлакатларнинг шу соҳадаги кўрсаткичидан кўп демакдир», — дейилади EASA ҳисоботида.
Шунингдек, самолёт экипажини тайёрлаш меъёрларида ҳам камчиликларга йўл қўйилган. Хусусан, ходимларнинг иш жадвалига риоя қилинмаган.
Нашрнинг аниқлик киритишича, EASA ҳисоботи немис авиакомпаниялари эмас, авиация хавфсизлигига масъул давлат органларига оиддир.
Шу йилнинг март ойида, Bild немис газетаси, учувчи Андреас Лубицнинг соғлиғига оид тиббий хулосалар асосида ёзилган мақоласини эълон қилганди. Germanwings авиакомпанияси учувчиси бўлган Лубиц, А320 самолётини бортидаги йўловчилари билан француз Альп тоғларига қасддан урган эди.