Иқтисодиёт | 22:18 / 26.04.2016
5166
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: сланецли нефть қазиб олувчилар бозорга қайтмоқда

Нефть нархининг ошиши АҚШда сланецли нефть олувчиларнинг бозорга қайтишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда сланецли нефть бозорининг иштирокчиларига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Февралда энг паст кўрсаткичлардан кейин, ҳозирда нефть нархи 60 фоизга кўтарилди ҳамда сланецли нефть қазиб олиш рентабеллиги даражасига яқинлашди. АҚШ Давлат департаментининг энергетик захиралар бюроси директори Ричард Уэстердейлнинг фикрича, АҚШда сланецли қудуқларнинг ишга туширилиши бозорни кунига 500 минг баррель нефть билан тўлғазиши мумкин.

"Нефть нархи 45 доллар ва ундан ортиқроққа яқинлашиши билан, нефть нархининг янги кескин қулаши хавфи кучаяди, чунки сланецли ишлаб чиқариш яна даромадли бўлади. Бу нефть қазиб олишнинг ўсишига олиб келади, бу эса нефть нархларининг янги антирекорд даражагача янги қулаши хатарларини кучайтиради", деб айтди IG таҳлилчиси Ангус Николсон.

Бироқ бозор иштирокчиларнинг бу борадаги фикрлари бир хил эмас. Техаснинг энг йирик сланецли нефть ишлаб чиқарувчиси – EOG Resources Inc. компанияси бозор мувозанатга келмагунча нефть қазиб олишни оширмасликка ваъда берди, бироқ Pioneer Natural Resources Co. компанияси 2016 йилда нефть қазиб олиш бўйича прогнозини оширди.