Ботир Зокиров таваллудига 80 йил бўлди
Бугун ўзбек мусиқа санъатида сўнмас из қолдирган Ботир Зокиров ҳаёт бўлганида 80 ёшни қаршилаган бўлар эди.
1936 йилда Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри артисти Карим Зокиров ва Муқумий номидаги мусиқали драма театри қўшиқчиси Шоиста Саидовалар хонадонида ўғил фарзанд дунёга келади. Тўнғич фарзандларига яхши ниятлар билан Ботир деб исм қўйишади.
Зокировлар хонадонига кўплаб санъат аҳли намоёндалари ташриф буюргани сабабли Ботирнинг кўнглида ҳам мусиқага нисбатан кучли мухаббат пайдо бўла бошлайди. У 1952-1957 йилларда Тошкент Давлат консерваториясида, 1958- 1962 йилларда эса Тошкент Давлат театр ва рассомчилик институтларида таҳсил олади. У “Ёшлик” ансамбли ва Ўзбек Давлат эстрада оркестрининг яккахон хонандаси сифатида фаолият олиб борган.
Ботир Зокировнинг дилтортар тароналари ва гўзал ҳониши барчани ўзига ром этиб келган. Унинг ижросидаги “Ёр кел”, “Арабча танго”, “Раъно”, “Мажнун монологи”, “Сени эслайман”, “Кечалар юлдуз санаб” ва бошқа кўплаб қўшиқлари орадан йиллар ўтса-да, мухлислар ҳамон севиб тинглашади.
Ботир Зокиров нафақат ҳушовоз хонанда, балки маҳоратли рассом, ёзувчи ва таржимон ҳам бўлган. У рассом сифатида “Саратон”, “Гумбазлар”, “Болалик кўчаси” каби асарлар яратган. Кўплаб очерк, ҳикоя, шеърлар муаллифи. Шунингдек, Ботир Зокиров А.д е Сент-Экзюперининг “Кичик шаҳзода”, Е.Шварснинг “Соя” асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
1984 йилда Ботир Зокировнинг соғлиғи ёмонлашиб боради. Шифокорлар унга жигар циррози сўнгги босқичи ташҳисини қўйишади. 1985 йилнинг 23 январида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров вафот этади.
Хонанда вафотидан сўнг 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов буйруғига асосан “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланади.