Жаҳон | 06:46 / 26.04.2016
1466
2 дақиқада ўқилади

Ереван полицияси автобусда портловчи қурилма ҳаракатга келганини таъкидламоқда

Ереванда 25 апрелда автобус ичида портловчи қурилма ҳаракатга келган. Бу ҳақда Арманистон полицияси бошлиғи Владимир Гаспарян маълум қилди.

"Портлаш осколкали бўлмаган, у портлаш тўлқинини келтириб чиқарган", деб қўшимча қилди Гаспарян. Полиция тахминига кўра, портловчи қурилма ўриндиқлардан бири остига яширилган ёки йўловчилардан бирида бўлган бўлиши мумкин.

Гаспаряннинг айтишича, кузатув камералари портлашни қайд қилган.

"Портлаш автобуснинг ўнг томонида содир бўлган. Ҳозир видеоёзувлар билан ишланмоқда", деб айтди Гаспарян.

Охирги маълумотларга кўра, автобусда 9 киши бўлган, улардан 2 нафари ҳалок бўлган, 7 нафари жароҳат олган. Жароҳатланганларнинг орасида 2 нафар ўсмир ва ҳомиладор аёл ҳам бўлган, деб хабар бермоқда "Новости-Армения" ахборот агентлиги.

Аввалроқ 3 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. 

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг маълум қилишича, 2 ўсмирнинг аҳволи оғир, ҳомиладор аёл ва унинг ҳомиласига ҳеч нарса хавф солмаяпти. Жабрланганлардан бири шифохонага ётишни истамай, уйига кетган. 

Эслатиб ўтамиз, "Богдан" маркасидаги автобус Ереваннинг Алабян кўчасида маҳаллий вақт билан соат 21:51 да портлаб кетган.

Портлаш сабабли Арманистон президенти Серж Саргсян полицияга бутун мамлакат бўйлаб патруль-пост хизматини кучайтиришни буюрди.

Арманистон ҳуқуқ-тартибот муассасалари портлаш бўйича жиноий иш қўзғатди.