Жаҳон | 08:11 / 26.04.2016
1894
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШга қарши халқаро судга даъво аризаси топширмоқчи

Теҳрон АҚШ томонидан Эроннинг музлатилган 2 млрд доллар пулини ишлатгани ҳолати бўйича Вашингтонга қарши халқаро жиноят судига даъво аризаси тайёрлади. Бу ҳақда Эрон президенти маъмуриятининг халқаро ҳуқуқ маркази вакили Муҳаммад Жаҳромий маълум қилди.

Аввалроқ АҚШ олий суди Эрон марказий банкига 2 млрд долларни қайтаришни рад этганди ва бу пуллар 1983 йилда Байрутдаги теракт ва бошқа терактларда ҳалок бўлган америкаликлар оилаларига берилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарган.

"Эрон халқаро судга ўзининг ҳуқуқларини тиклаш учун мурожаат қилиши мумкин. Бунинг учун Эрон томонидан АҚШ олий судининг Эронни 2 млрд долларга жаримага тортиш қарори юзасидан халқаро судга бериладиган даъво аризаси тайёрланди", деб айтилмоқда Эрон президенти маъмурияти сайтида.

Мингдан кўпроқ америкаликлар уларнинг фикрича Эрон иштирок этган деб ҳисобланадиган теракт учун компенсациялар талаб қилган. 1983 йил 23 октябрда Байрутда америкалик тинчликпарвар аскарлар казармалари террорчилик ҳужумига учраган. Ўшанда 241 америкалик ҳарбий, умумий ҳисобда эса Ливандаги фуқаролик урушида БМТнинг миссиясини бажараётган 300 дан кўпроқ аскар ҳалок бўлган.

Эрон АҚШ Давлат департаменти томонидан 1984 йил 19 январдан террорчиликка ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритилган.