Жаҳон | 17:29 / 26.04.2016
1685
1 дақиқада ўқилади

Могерини: “Туркиянинг ЕИга аъзо бўлишига ҳали эрта”

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар, хавфсизлик масалалари бўйича бош комиссари Федерика Могеринининг фикрича, Туркия Европа Иттифоқи таркибига киришдан анча узоқда.

"Биз бу воқеликдан анча узоқмиз", — деган Могерини Франциянинг France Inter радиосига берган интервьюсида. Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши муддати хусусида берилган саволга жавоб берар экан, Могерини шундай баёнот берган. Унинг ёдга олишича, ҳатто Шенген ҳудудида турк фуқаролари учун визасиз тартиб жорий қилиш масаласи ҳал этилмаган.

Шунга қарамай, Могеринининг ишонч билдиришича, Брюссель ва Анқара ўртасидаги музокаралар "биринчи навбатда Туркиянинг ўзи учун фойдалидир".

"Туркия билан Иттифоққа қабул қилиш бўйича музокаралар, Туркия давлатчилигини ислоҳ қилиш, ОАВ ва сўз эркинлигига эришишда ёрдам беришига ишонаман", — деган Могерини.