Жаҳон | 15:35 / 26.04.2016
2207
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев: Мен қаҳрамон ёки хосиятли эмас, балки сизларнинг бирингизман

26 апрель куни Қозоғистон халқлари Ассамблеяси XXIV сессияси вақтида, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев, Fokker-100 самолёти экипаж командири Дмитрий Родинга мурожаат этиб, Bek Air самолётини авариядан қандай қутқариб қолганига қизиқди, деб хабар қилмоқда “Новости-Казахстан” ахборот агентлиги.

Президент ва учувчи ўртасида бўлиб ўтган қисқа мулоқот чоғида, ҳодисага оид тафсилотларга ойдинлик киритилган. Шундай саволлардан бирига жавоб берган Родин, "ҳа, сиз ҳақсиз, самолёт олд шассиси очилмай қолгани орқа шасси нуқсонидан кўра яхшироқ эди", деган фикрни билдирган.

Дмитрий Родиннинг айтишича, "сўнгги вақтларда кўпчилик уни қаҳрамон деб атамоқда. Аслида у ватан олдидаги фуқаролик бурчини бажарган холос".

"Бизнинг самолётда 116 йўловчи бор эди. Нурсултон Абишевич, "Қозоғистон" номли самолёт штурвали сизнинг қўлингизда ва сиз 17 миллион йўловчини олиб кетмоқдасиз", — деган капитан.

"Шу боисдан ҳам мен доимо айтаманки "мен қаҳрамон ёки хосиятли эмасман, балки сизлардан бирингизман". Демак биз иккимиз тенгмиз", — деб қайд этган Қозоғистон президенти.

"Фарқимиз шундаки, сиз кунига минглаб кутилмаган вазиятларга дуч келасиз, аммо уларнинг барчасида ғалаба қозонасиз", — деб қўшимча қилган Родин.

"Ҳа, ҳар куни", — дея унинг фикрини маъқуллаган Назарбоев.

Эслатиб ўтамиз, Қизил Ўрдадан Остонага парвоз қилаётган Bek Air авиакомпаниясининг Fokker-100 ҳаво лайнери мамлакат пойтахтига аварияли қўнишни амалга оширган эди. У қўнишга ҳозирлик кўраётган вақтда олд шассиси очилмай қолган эди.

Учувчининг моҳирлиги сабаб жиддий талофатнинг олди олинган, йўловчи ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким жабрланмаган эди.