Жаҳон | 15:22 / 26.04.2016
1481
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: ИШИД жангарилари гуруҳи Стокгольмда терактлар уюштиришга тайёрланаётган бўлиши мумкин

Швеция хавфсизлик хизмати (SÄPO) Ироқ хавфсизлик хизматидан ИШИД аъзолари бўлган 7-8 кишилик гуруҳ мамлакат ҳудудига ўрнашгани ва пойтахт Стокгольмда навбатдаги терактларни амалга оширишга тайёрланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот олган. Бу ҳақда номини сир тутишни истаган манбага асосланган ҳолда Expressen хабар тарқатган.

"Олинган маълумотларга кўра, жангарилар Швеция пойтахтидаги фуқароларга ҳужумлар уюштиришни режалаштирган", деб ёзади газета.

Швеция полицияси ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмаган ва текширув олиб бормоқда.

Бельгиядаги терактлардан кейин Европадаги турли давлатларнинг махсус хизматлари ўзаро ахборот алмашишни кучайтирган.

Эслатиб ўтамиз, Бельгия пойтахти Брюссель шаҳридаги аэропорт ва метрода 22 март куни терактлар амалга оширилди. Натижада, 32 киши ҳалок бўлган ва 350 нафар атрофидаги киши жароҳатланган. Бу теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.