Ўзбекистон | 10:07 / 26.04.2016
7614
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик қорилар VII халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этди

Шу йилнинг 13-20 апрель кунлари Кувайт шаҳрида VII Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.

Юртимизнинг 2 нафар вакили – Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти талабаси Маҳмудов Муҳаммадяҳё ва “Мир-Араб” ислом билим юрти талабаси Мирбобоев Мираббос мазкур мусобақада иштирок этдилар. Мусобақа ташкилотчилари вакилларимизни кутиб олиб, 13 апрель куни соат 00.30 да “Кровн Плаза” меҳмонхонасига жойлаштириб, мусобақа тартиботлари ҳақида маълумот берди. Барча иштирокчилар учун Кувайт шаҳридаги диққатга сазовор жойларга зиёрат уюштирилди ва улар Қуръон илми бўйича етук олимларнинг Қуръони каримнинг фазилати ва шу каби масалалар ҳақидаги маърузаларини тинглади.

Мазкур мусобақада дунёдаги 60 давлатдан келган 100 дан ортиқ кучли Қуръон ҳофизлари иштирок этиб, улар орасида вакилларимиздан Маҳмудов Муҳаммадяҳё Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш йўналиши бўйича қатнашган бўлса, Мирбобоев Мираббос эса Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш йўналишида қатнашди.

Мусобақа давомида Қуръони каримни етти хил қироатда ёддан ўқиш мусобақасида 1-ўринни Ливан, 2-ўринни Чад, 3-ўринни Сомали, Қуръони каримни тажвид қоидаси билан ёддан ўқиш мусобақасида 1-ўринни Ливия, 2-ўринни Саудия Арабистони, 3-ўринни АҚШ, Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тиловот қилиб бериш мусобақасида эса 1-ўринни Малайзия, 2-ўринни Жазоир, 3-ўринни Эрон вакиллари эгалладилар.

Мусобақа якунлангандан кейин амирлик қасрида Кувайт давлати амири ноиби Шайх Наввоф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ мусобақа ғолибларини тақдирлади. Қолган иштирокчилар қатори вакилларимизга ҳам мусобақадаги муносиб иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.

Истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очиб берди. Унинг халқимизга берган бахт-саодатининг ҳад-ҳудуди йўқ.

Буюк неъмат – мустақилликнинг дин аҳлига кўрсатган хизмати янада улкан. Истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар – масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Ёшларимизнинг диний ва маънавий етуклигини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент ислом институти, шунингдек, 10 га яқин ўрта-махсус ислом билим юртлари барпо этилди. Ҳозирда мазкур ўқув юртларида юздан ортиқ талабалар таълим олмоқдалар. Қори йигит ва қизларимизнинг билим савияларини ошириш ва қобилиятларини аниқлаш мақсадида, Республика миқёсида Қуръони каримни ёддан ва тажвид қоидалари билан тиловат қилиш бўйича маҳаллий мусобақалар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Мазкур мусобақаларда юқори натижага эришган қори-қориялар турли хорижий давлатларда ўтказиладиган Халқаро Қуръони карим мусобақаларига таклифлар асосида юборилмоқда.

Мисол учун улар Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Кувайт, Малайзия, Эрон Ислом Республикаси ва Россия Федерацияси сингари бир неча давлатларда юртимиз вакиллари сифатида қатнашиб келмоқдалар.

Манба: Muslim.uz