Путин: Чернобиль инсоният учун жиддий дарс бўлган
Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, мутахассислар ўзларининг фуқаролик бурчларини сидқи-дилдан бажарганлари сабабли Чернобиль фожеаси оқибатлари кенг қамровли бўлмаган.
"Чернобиль бутун инсоният учун жиддий дарс бўлди. Унинг салбий оқибатлари эса, ҳамон табиат ва инсонлар саломатлигида ўз аксини топмоқда. Фожеа қамрови, ўт ўчирувчилар, ҳарбий хизматчилар, соҳа мутахассислари ва тиббиёт ходимларининг ўз фуқаролик ва касбий мажбуриятларини жасурлик билан бажармаганларида бунданда жиддий бўлиши мумкин эди. Уларнинг кўпчилиги, бошқаларнинг умрини қутқариш учун ўз умрларини қурбон қилишди", - дейилади Путиннинг Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашганлар учун мурожаатида.
Кремль расмий сайтида эълон қилинган мурожаатда айтилишича, даҳшатли фожеа оқибатларига қарши курашганлар ҳақиқий қаҳрамонлардир.
26 апрель куни Украинанинг Чернобиль АЭСда юз берган фалокатга 30 йил тўлди. Унда содир бўлган портлаш оқибатида, электрстанциянинг тўртинчи блоки батамом вайрон бўлган. 30 километрлик радиусда истиқомат қилувчи 115 мингдан зиёд фуқаро бошқа жойларга мажбуран кўчирилган.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу авария дунё атом энергетикаси тарихидаги энг йириги ҳисобланади. Фожеа оқибатларини бартараф этиш ишларига 600 мингдан ортиқ киши жалб этилган.