Россия ва Ўзбекистон делегациялари музокаралари Кремль сайтида трансляция қилинди
25 апрель куни, Москва вақти билан соат 16:15да Кремлда Владимир Путиннинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан расмий учрашуви бошланди. Бу учрашув Кремль сайти томонидан трансляция қилинган.
В.Путин: Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич! Ҳурматли дўстлар! Сизларни яна бир марта, энди расмий учрашувда қутлашга рухсат беринг.
Биз иккимизда кеча норасмий учрашувда бемалол ўтириб, дипломатлар таъбири билан айтганда юзма-юз ўтириб суҳбатлашиш имконияти бўлди. Биз уч соат давомида икки томонлама муносабатлар, халқаро ҳолат ва минтақадаги вазият ҳақида батафсил гаплашдик (муҳокама қилдик).
Бугун биз диққатни икки мамлакатнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги фаолиятига қаратамиз. Қайсики, бу ташкилотлар бизни янада яқинроқ қилган. Мен ШҲТни, яъни кейинги вақтларда сиз фаол равишда ишлаётган ташкилотни назарда тутмоқдаман.
Суҳбат бошида яна бир марта икки мамлакат орасидаги муносабатлар ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Бизнинг иқтисодий алоқалар доллар ҳисобида бироз камайган бўлсада (29 фоизлик пасайиш, 2015 йилдаги кўрсаткич 2,18 млрд доллар бўлган - таҳририят), рубль ва ҳажм ҳисобида у ўсди. Ўсиш ушбу йилнинг биринчи чорагида ҳам сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олиб келиш ҳажми анча ошди. Бунга ҳар тарафлама ёрдам бераётганингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз. Ўзбекистондан импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми умумий ҳисобда 10 фоизга ошди, баъзи маҳсулотлар бўйича эса ундан ҳам кўпроқ. Узум импорти ҳажми 20 марта, цитрус мевалар импорти ҳажми эса 54 марта ошган. Бу албатта, Россия бозори учун каттагина кўрсаткич. Ўз навбатида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун Россия бозорига чиқиш ҳам катта имтиёз.
Лекин биз фақат қишлоқ хўжалиги соҳасидагина ишлаётганимиз йўқ. Биз саноат соҳасида ҳам ишлаяпмиз. Юқори технологияли соҳаларда ҳамкорлик қилишга эса алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Умуман олганда муҳокама қилиш учун мавзу кўп.
Сизни яна бир марта чин юракдан қутламоқчиман, биз Сизни кўришдан жуда хурсандмиз. Хуш келибсиз!
Ислом Каримов: Мен кечаги суҳбатимиздан тўла мамнун бўлдим ва бу шунчаки қониқиш ҳосил қилишгина эмас. Мен ҳисоблайманки, ушбу суҳбат агар бугун бўлмаса, эртага албатта ўз самарасини беради. Чунки, бу суҳбат очиқ руҳда ўтди ва буни ҳам шунчаки очиқчасига суҳбат деб атамаган бўлардим.
Биз ўз суҳбатимизни одатдаги дипломатик йўсинда олиб бормадик. Кўпроқ очиқ-ойдинликка урғу қаратдик. Мен бундай суҳбатларни жуда ёқтираман. Бундай суҳбатларда ўз фикрингни аниқ ва лўнда қилиб ифодалаш имкони бўлади ва ҳеч қандай узундан-узоқ дипломатик иборалар ўйлаб топишнинг кераги бўлмайди.
Ҳақиқатан ҳам, биз кеча узоқ вақт учрашмаганимиз сезилди, муҳокама қиладиган мавзулар кўпайиб кетган эди.
Бу жуда яхши, гаплашишга мавзу бор. Айниқса, ҳозирги шароитда, дунёда кўп воқеалар юз бераётган кунларда. Бу жараён нафақат фикр билдириш балки давлатларнинг позициясини аниқлаб олишни талаб этади.
Биз Ўзбекистонда, Ўрта Осиёда дунёда бўлаётган воқеаларнинг Ўрта Осиёга бевосита таъсири борлигини сезиб турибмиз. Биз бу ҳақда телевидение, интернет ва янгиликлардан ҳам ҳар куни эшитиб турибмиз.
Афғонистон ҳалигача қарама-қаршилик содир бўлаётган ҳудуд. Аниқроғи, у ерда секин кечаётган уруш бўлмоқда ва бу уруш ҳаливери тўхтамаяпти.
Агар икки томонлама муносабатлар ҳақида гапирадиган бўлсак, сиз улардан батафсил хабардорлигингиз учун миннатдормиз. Керак бўлганда ёки талаб бўлганда, Ўзбекистон (Россияда) етишмаётган маҳсулотларни ўрнини тўлдириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Сиз айтиб ўтган "бу марта"лар (кўрсаткичлар - таҳр) нафақат бизнинг имкониятларимизни кўрсатади, улар яна кўп нарса ҳақида айтиб бериши мумкин. Ахир бу осон эмас-ку, маҳсулот ҳажмини бирданига 10 марта, ёки 20 марта ошириш.
Биз, албатта, икки тарафлама муносабатларимизни нафақат етишмовчилик бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасида, балким бошқа соҳаларда ҳам давом эттиришимиз мумкин. Москва ва Питерда узум ўсмайди-ку! Бошқа меваларни айтмаса ҳам бўлади.
Охирги вақтларда, Москва ва Питерда энг яхши мевалар Ўзбекистондан эканлигини унутиб қўйишган эди шекилли. Баъзи қўшни давлатлар вакиллари эркин бозорда: "Келинг, келинг, энг яхши мевалар, Ўзбекистондан", — деб сотишади. Аслида маҳсулотнинг Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ бўлса ҳам. Бу ҳам ўзига хос бир реклама, албатта. Ва у кўп нарсадан дарак беради.
Москваликлар буни жуда яхши тушунишади. Ўзбекистон айни шу етишмаётган маҳсулотларини етказиб беришга тайёр. Лекин, Ўзбекистон фақат мева етиштириб бериш учунгина деб ўйламаслик керак.
Валюта ўлчовида мамлакатларимиз орасидаги товар айрбошлаш ҳажми бироз камайгани рост, лекин Россия билан товар алмашиш борасида биз камайишни сезганимиз йўқ.
Автомобиллар борасида, албатта камайиш бор, лекин бу умумжаҳон ва бутун Россияга алоқадор тенденция. Бу бизнинг муносабатларимизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Яна бир нарсани аниқ айтмоқчиман, бизда кечаги суҳбатимизни давом эттириш учун мавзу бор. Ушбу мавзуларни ҳаётнинг ўзи бизнинг кун тартибимизга қўймоқда.
Мен айтмоқчи бўлган биринчи нарса бу – Ўрта Осиё ҳудудидаги хавфсизлик масаласидир. Афғонистондаги урушнинг охири ҳам ечими ҳам кўринмаяпти.
Дўстларимиз ва журналистлар олдида шуни айтмоқчиманки, Афғон муаммосини Россия иштирокисиз ечишга баъзи бир ҳаракатлар бўлмоқда. Бу масалада тўхтаб ўтишни истамаган бўлардим, лекин меннинг фикримча, бу мутлақо нотўғри.
География ҳам ҳеч кимнинг эсидан чиқиб кетгани йўқ, Ўрта Осиё кўп асрлар давомида Россия билан боғлиқ, бу минг йиллик алоқалардир. Биз Россиянинг Ўрта Осиёдаги манфаатларини аниқ ҳис қилиб турибмиз ва биз бунга розимиз. Нафақат розимиз, балким бу жуда зарур деб ҳисоблаймиз.
Агар буни кимдир тушунмаётган бўлса, вақти келиб ушбу вазиятни ва дунёда рўй бераётган бошқа воқеаларини ҳам тушуниб олади деб ўйлайман. Ҳақиқатга тик қараш керак. Агар ҳақиқатни тан олмасанг, улар бари бир сени қувиб етади.
Ўзбекистон делегациясига ажратилган эътибор учун, яна бир бор катта раҳмат. Бугун суҳбатимизни давом эттиришдан мамнунман.
В.Путин: Раҳмат.
<…>
Ўзбекистон президенти Москвага 25 апрель куни ташриф буюрди. Икки давлат раҳбарлари 25 апрель куни кечаси 3 соат давомида норасмий учрашув ўтказишган.
Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.