Жаҳон | 14:31 / 27.04.2016
1753
2 дақиқада ўқилади

Airbus корпорацияси АҚШда барпо этилган биринчи A321 лайнерини буюртмачига етказиб берди

Европанинг Airbus авиасозлик корпорацияси Американинг JetBlue Airways лоукостерига Америкадаги заводида йиғилган A321 ҳаво лайнерини етказиб берди. Тантанали маросим Airbus компанияси ишлаб чиқариш корхонаси жойлашган Алабама штати Мобил шаҳрида бўлиб ўтган.

Бир йилга бормасдан қурилган янги A321 ўтган ойда Мобил аэропортидан синов парвозларига кўтарилган эди. Унга расман BluesMobile деб ном берилган. Унинг фюзеляжи айрим қисмлари Германиянинг Ҳамбург шаҳрида ясалиб, сўнгра АҚШга юборилган.

Airbus’нинг ишлаб чиқариш директори Жон Лихининг айтишича, бир неча йиллар аввал, Airbus АҚШда самолёт ишлаб чиқариши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди, эндиликда бу ҳақиқатга айланди.

JetBlue Airways раҳбари Робин Хейс, ўз навбатида, ажойиб самолёт учун Airbus’га миннатдорлик билдирган.

Ҳозирги вақтда, Airbus’нинг Мобилдаги ишлаб чиқариш қувватида яна 9 дона A321 устида иш олиб борилмоқда. Уларнинг саккизтаси American Airlines, бири Spirit Airlines буюртмасига асосан ишлаб чиқарилмоқда.

Airbus корпорацияси АҚШдаги ишлаб чиқариш бирлашмасини барпо этишга 600 млн. доллар маблағ сарфлади. У ўтган йилнинг июль ойида фаолиятини бошлади. 2018 йилда Мобил заводи лойиҳа қувватига эришиб, ойига 4та самолётни харидорларга етказиб бериши режалаштирилган. Airbus’нинг АҚШдаги ваколатхонаси раҳбари Ульрих Вебернинг айтишича, истиқболда мажмуа кенгайтирилиб, ойига 8 дона самолёт ишлаб чиқариш имконияти яратилиши мумкин.

Airbus A321 тор салонли самолётлар турига киради. У қисқа ва ўрта масофаларга парвозларни амалга ошириш учун мўлжалланган. Boeing 737 самолёти ушбу моделнинг асосий рақиби ҳисобланади.