Фан-техника | 22:14 / 27.04.2016
6726
2 дақиқада ўқилади

Актёр Санъат Девонов 84 ёшида вафот этди

Бугун, 27 апрель кунининг иккинчи ярмида кино ва театр актёри, Ўзбекистон халқ артисти Санъат Девонов 84 ёшида Хоразмда оламдан ўтди. Бу ҳақда Хоразмдаги "Биз буюк юрт фарзандларимиз" ёшлар фестивалида иштирок этаётган санъаткорлар маълумотига асосланиб, qalampir.uz хабар берган.

Ўзбек театр ва кино санъатида ўчмас из қолдирган актёр Санъат Девонов 1932 йилнинг 9 майида Хоразм вилояти, Ҳонқа туманида таваллуд топган эди.

У ижодий фаолиятини Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма театридан бошлаган. Кейинчалик актёр Тошкентга келади ва ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўқийди. Сўнг Ўзбек давлат драма театрида, Абдулла Қаҳҳор номидаги сатира театрида ишлайди.

Санъат Девоновга театр саҳнасида йирик қаҳрамонлар образини гавдалантириш насиб этади. У "Ҳамлет"да Ҳамлетни, "Навоий"да Алишер Навоийни, "Тоҳир ва Зуҳра"да Тоҳир ролини ижро этди.

Санъат Девонов кино оламида ҳам салмоқли ижод қилди.

Ўзбек кинотомошабини уни миллий кинематографиянинг дурдона асарларидан бири "Мафтунингман" фильми орқали яхши танийди.

Унинг кинодаги илк роли "Амирликнинг интиҳоси" фильмидаги Шерали роли эди (1954).

Марҳум актёрнинг фильмографиясида 25та фильм бор. "Улуғбек юлдузи", "Оловли йўллар", "Алпомиш" шулар жумласидан.

Актёр Санъат Девоновнинг меҳнатлари эътиборга олиниб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ҳамда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган.