Давлат божхона қўмитасида коррупцияни жамоатчилик назорат қилиши мавзуида давра суҳбати ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексида коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликнинг аҳамиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Тошкент-аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси бошлиғи Р.Тожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Абдуғаниев ва бошқалар иштирок этди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
2016 йил 12 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни асосида парламент томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида назорат амалга оширилиши ҳуқуқий мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида божхона органларида тарбиявий профилактик ишлар кучайтирилган. Божхона постларида коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи ижтимоий видеороликлар намойиши йўлга қўйилган.
“Ишонч телефони” орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хабар бериши мумкин.