Жаҳон | 17:16 / 27.04.2016
1683
2 дақиқада ўқилади

ЕИ қрим татарлари мажлиси тақиқланганини танқид қилди

Европа Иттифоқи қрим татарларининг миллий бирлашмаси Мажлис фаолияти тақиқланганига нисбатан кескин танқидий муносабатини билдирди. Deutsche Welle радиоси Европа ташқи сиёсат маҳкамасига таянган ҳолда шу ҳақда хабар қилмоқда.

«Қрим олий кенгашининг қрим-татар халқининг ўз-ўзини бошқариш органи бўлган Мажлис фаолиятини "экстремистик ташкилот" талқини билан тақиқлаш борасидаги бугунги қарори қрим-татарлар ҳуқуқининг жиддий поймол этилишини англатади», — дейилади матбуот хизмати баёнотида.

Ҳужжатда қайд этилишича, Россия ҳукуматининг бундай сиёсати Қрим яриморолидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг янада кескинлашуви, хусусан камчиликни ташкил этувчи халқ вакилларини таъқиб қилишга олиб келади.

Бундан ташқари, Европа ташқи сиёсат маҳкамасининг фикрича, Қримда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ умумий ҳолатни шу соҳага оид халқаро меъёрларга ва ҳалқаро ҳуқуқнинг бошқа мажбуриятларига мослаштириш лозим.

Аввалроқ, Европа кенгаши бош котиби Торбьёрн Ягланд, қрим татарлари мажлиси фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги суд қарорини бекор қилишга чақирган эди.

26 апрель куни Қрим олий суди Россияда қрим татарлари мажлиси фаолиятини тақиқлаган эди. Суд қарорига кўра, эндиликда Мажлис экстремистик бирлашма ҳисобланади.