Ўзбекистон | 10:21 / 27.04.2016
2943
3 дақиқада ўқилади

"Ижтимоий фикр": Ўзбекистонликларнинг 92 фоизи ШҲТни терроризмга қарши самарали курашмоқда деб билади

"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Фуқаролар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг бўлиб ўтадиган мажлиси ҳақида” мавзуида экспресс-сўров ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Сўровни ўтказишдан мақсад Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти, Ўзбекистонда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 15-юбилей мажлисига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида мамлакатимиз аҳолисининг фикрини ўрганишдир.

Экспресс-сўров натижаларига кўра, фуқароларимизнинг кўпчилиги (92,1 фоизи) ШҲТни энг нуфузли халқаро ташкилотлардан, деб ҳисоблайди. Ушбу халқаро тузилма терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Фуқароларнинг таъкидлашича, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини тартибга соладиган мустаҳкам ҳуқуқий база ишлаб чиқилган. Сўров натижалари шундан далолат берадики, мамлакатимиз аҳолиси Президентимиз томонидан ШҲТ фаолиятининг барча йўналишлари бўйича илгари сурилган ташаббусларни юксак баҳолайди. Жумладан, Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ҳар йили ўтказиб келинаётган учрашувлари ташаббускори бўлди.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, атроф-муҳит муҳофазаси ва маданий-гуманитар соҳа ШҲТ фаолиятининг муҳим йўналишларидандир.

Тадқиқот давомида жамоатчиликда ШҲТ минтақавий хавфсизлик, сиёсий барқарорлик, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо барча давлатлар учун ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш борасида амалий механизмга айлангани ҳақида фикр қарор топгани ва унинг аҳамияти янада ортиши аниқланди.

Иштирокчиларнинг фикрича, бўлиб ўтадиган саммит йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бири бўлади. Фуқароларимиз пойтахтимизда ШҲТ юбилей саммити арафасида амалга оширилаётган ўзгаришларга нисбатан ижобий фикр билдирмоқда. “Тошкентнинг ташқи қиёфасида рўй бераётган ўзгаришлар сизга ёқадими?” деган саволга сўров қатнашчиларининг қарийб 81,5 фоизи ижобий жавоб берди. Уларнинг фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарларининг учрашувига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда ва улар пойтахтимиз қиёфаси кун сайин ўзгариб бораётганидан мамнун.

Экспресс-сўров қатнашчилари “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси юксак савияда ташкил этилаётгани” меҳмонларда катта таассурот қолдиради, деган фикр билдирган.

Ижтимоий сўров натижалари фуқаролар президент раҳнамолигида ШҲТ каби нуфузли халқаро тузилма доирасида амалга оширилаётган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташқи сиёсий фаолиятни қўллаб-қувватлашини намойиш қилди. Ўзбекистонликлар ШҲТнинг Тошкентда ўтадиган 15-саммити унга аъзо давлатларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга кўмаклашишига ишонади.