Одатда узоқ уйқу ҳам тўлақонли ором олишни таъминламайди. Инсон 8-9 соат ухласа ҳам, ҳорғин ва чарчаган ҳолатда, камига бош оғриғи билан уйғонади. Ҳолбуки ўрин қулай, хона ҳам шамоллатилган, лекин сиз ўзингизни умуман ухламагандек ҳис қиласиз. Бу ерда яна яқинларингиздан шикоят тушади: кечаси билан хуррак отиб чиқдинг!
Айнан хуррак оромсиз уйқунинг сабабидир. Тунги хуррак хавфлими ва у билан қандай курашиш кераклиги тўғрисида юқори категорияли шифокор-сомнолог Клара Зейнулловна Искакова сўзлаб беради.
Нима учун тунда ёмон ухлаймиз?

Хуррак – юқори нафас олиш йўлларининг торайиши натижасида юзага келадиган феномен ҳодиса. У туғма ҳам бўлади, аммо кўпинча орттирилган муаммодир. Хурракнинг сабаби тўлалик, ангина ва тонзиллитнинг асоратлари ва бошқа касалликлар бўлиши мумкин.
Уйқу вақтида томоқ мушаклари бўшашади ҳамда ҳавонинг ўтиши қийинлашади. Мана шу ҳолат хурракни юзага келтиради.
Хуррак уйқу вақтида муаммолар келтириб чиқаради ва у нафас олишнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Организмга етарли миқдорда кислород келиб тушмаслиги туфайли кислород етишмовчилиги юзага келади.
Шунинг учун, инсон тўйиб ухлай олмайди, бош оғриғи ҳамда баланд қон босими билан уйғонади. Диққатни жамлаш ва хотира сусаяди. Бу юрак ишемияси, миокард инфаркти, аритмия ва инсультга олиб келиши мумкин.
Хурракнинг энг асосий хавфи – нафас олишнинг тўхтаб қолиши, илмий номи апноэ. Агар бу ҳолат 10 сониядан ортиқ бўлса, бир соат ичида 5-10 марта рўй берса, демак кучли организм кислород етишмовчилигидан азият чекмоқда. Бу биринчи навбатда юрак ва мияга тааллуқли.
Шундай одамлар борки, 2 дақиқагача нафас олмай қўйишади. Шу вақт ичида кутилмаган ўлимга олиб келувчи паталогия ёки бузилиш содир бўлиши мумкин.
Уйқу лабараторияси
Хурракни даволаш ишлари билан шифокор-сомнолог шуғулланади. Унинг биринчи вазифаси – уйқу ва нафас йўлларининг бузилиши сабабларини аниқлашдан иборат. Бунинг учун махсус уйқу лабараторияси мавжуд. Бу бемор ўзини бемалол ҳис қиладиган қулай ётоқхонадир.
Ухлашга бир соат қолганда келинади. Аввал у хонада ётиб дам олади ва кўникади. Сўнг ҳамшира электродларни қўяди ва уларни махсус кичик қурилмага улайди. Бемор уйқуга кетади. Туни билан видеотасма кетади ва қурилма компьютерга узатилаётган уйқунинг ўн бир физиологик параметрларини қайд этади.













