ОАВ: Россия, Эрон ва Исроил муносабатлари мураккаб учликни ифодалайди
Россия, Эрон ва Исроил муносабатлари тобора чалкашиб ва мураккаб учбурчакка ўхшаб бораяпти, деб ёзмоқда Британиянинг The Guardian нашри.
Газетанинг қайд этишича, Теҳрон анча вақтдан бери Москва билан алоқаларни яхшилаш тарафдори бўлиб келмоқда. Яқинда Эрон парламенти спикери Али Ларижонийнинг ТАСС агентлигига берган интервьюсида «Шарққа, биринчи навбатда Россияга қараб йўналиш стратегик мақсад ҳисобланади», дейиши ушбу фикрни исботлаши мумкин.
Россия Эрон учун, иттифоқчиси Башар Асадни қўллаб-қувватлашда иттифоқчи ва жаҳон газ бозорида газ нархига кескин таъсир эта оладиган салоҳиятли ҳамкор ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ҳам яхшиланмоқда. Москва расмий Теҳронга С-300 ракета мажмуаларини етказиб бериш ниятида.
Шунга қарамасдан, мамлакатлар ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар ҳам йўқ эмас. Гарчи Россия Эрон билан ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномани имзолаган бўлса-да, у на 2006 йили Эрон ядро дастурига оид ҳужжатларнинг БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокамасини, ёинки ундан кейин Теҳронга нисбатан жорий этилган санкцияларни тўсиб қўйди. Икки давлат ўртасидаги энг асосий зиддиятли масала, бу расмий Москванинг Исроил билан мустаҳкам алоқаларидир.
Исроил разведкаси собиқ жосуси Йосси Альфернинг нашрга билдиришича, Россия ва Исроилнинг Сурия масаласида қарашларини мувофиқлаштириши муваффақият гарови бўлган ва Яқин Шарқдаги жиддий стратегик ўзгаришлардан дарак бермоқда. Албатта, рус самолётларининг Жўлон тепаликлари устидан учиб ўтиши қалтисликни келтириб чиқариши мумкин эди. Бироқ томонлар бу масалада ҳам ўзаро тушинишга эришди, дейди Исроилнинг собиқ жосуси.