Ўн бир йил қувғинда юрган қотил умрбод озодликдан маҳрум этилди
Янгийўл туманида туғилган Исмоил Маҳмудов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) биринчи бор суднинг қора курсисига ўтирганида 19 ёшда эди. Кўп ўтмай яна судланди. Амнистия акти жонига оро кириб, 3 йилдан сўнг озодликка чиқди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Қиш охирлаб қолган. Аммо кун совуқ эди. Ҳам вақт ўтказиш, ҳам бироз исиниш мақсадида бир шиша ароқни жиғилдонига урган Исмоил кун ботгунча сандироқлади. Кайфи тарқамаган бўлса-да, совуқдан жунжикиб, иссиқ жой ахтаришга киришди. Дуч келган эшикни тақиллатди. Бир уйдан қари кампир чиқиб, унинг мастлигини кўргач, жаҳл аралаш алланималар, дея эшикни ёпмоқчи эди, Исмоил қўймади. Куч ишлатиб, ичкарига кирди. Кампир гарчи 70 ёшни қоралаб қўйган бўлса-да, анча бақувват экан, уни итариб юбориб, уйдан қочиб чиқди-да, ўзини қўшнининг уйига урди. Исмоил унинг ортидан югурди.
Энди ур-тўполон қўшниникида давом этди. Бир маҳал Исмоилнинг кўзи хонадон бекасининг нима бўлаётганини тушунмай, қўрқувдан донг қотиб, овозлари ҳам чиқмай қолган фарзандларига тушди-ю, атрофга аланглаб, қўлига нима илинса, шу билан қўл-оёқларини боғлашга киришди.
Кейин ҳаммани ерга қараб ётишга буюрди-да, тўсатдан ваҳшийлашиб, аввал кампирга кетма-кет пичоқ санчди. Сўнгра хонадон бекасидан пул сўради. У пули йўқлигини айтди-ю, балога қолди. Энди пичоқ унинг баданини “сийпалашга”тушди. Уни “тинчитгач”, беканинг тўнғич, 14 яшар қизига тажовуз қилди...
Ишни чала-ярим битириб, уни қўшни хонага чиқариб юборди. Икки нафар кичкинтойни эса мурдаларнинг ёнига ўтқизди. Кўрпаларни йиртиб, пахтасини уларнинг устига ёйди. Сўнг ёқиб юборди.
Шундан кейин унинг учун дарбадарлик бошланди. Бировларнинг уйига ёлланиб ишлади. Уй эгаси билан чиқишмай, бошқасиникига жойлашди. Биттасининг кўнгли унга илиб, раҳми келди чоғи, узоқ қариндошининг қизига уйлантириб қўйди. Вақт соати келиб, фарзандли ҳам бўлди. Ўн бир йил ўтиб, отасини кўргани борди ва ҳамма гапни айтиб берди. Отаси эса айбни бўйнига олиб, милицияга боришни маслаҳат берар экан, бу билан кифояланмай ўзи ўғлини бошлаб, милиция бўлимига кириб келди.
Суд икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган, шунингдек, уч нафар вояга етмаганни нафақат она меҳридан бенасиб қолдирган, балки уларга бир умрга татигулик маънавий жароҳат етказган қотилга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.