Спорт | 14:20 / 27.04.2016
2425
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек футболи фидойиларидан бири Виталий Суюнов 79 ёшида вафот этди

Ўзбек футболи фидойиларидан бири Виталий Суюнов 23 апрель, шанба куни 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берган.

«Пахтакор» афсоналаридан бири бўлган Виталий Суюнов ушбу жамоа сафидаги фаолиятини 1960 йилда бошлаган. У саккиз мавсум давомида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилган ва жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири сифатида кўплаб ўйинларда майдонга тушган. Биргина чемпионат доирасида Виталий Суюнов «Пахтакор» таркибида 200дан ортиқ ўйинда иштирок этган. Шунингдек, у мамлакат кубоги ва кўплаб халқаро турнирларда қатнашган.

Футболчилик фаолиятини якунлагач, Виталий Суюнов мураббий сифатида ишлайди. У 1969 йилда мураббий сифатида фаолиятини «Пахтаорол» жамоасида бошлади. 30 йилдан ортиқ давом этган мураббийлик фаолияти давомида у Ўзбекистоннинг кўплаб жамоаларида ҳамда турли ёшдаги терма жамоаларда иш олиб борди. Унинг фаолиятидаги энг ёрқин давр сифатида «Пахтакор» сафида ўйнаган йиллари ёдга олинади.