Ўзбекистонда курьерлик жўнатмаларини текширишга рухсат берилди
Ўзбекистоннинг "Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонунига курьерлик жўнатмалари текширилишига рухсат берувчи тузматалар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган қонунга кўра амалга киритилди. Бу ҳақда Sputnik нашри хабар бермоқда.
Тузатмаларга кўра, "тезкор-қидирув фаолияти турлари" тушунчасига курьерлик жўнатмалари назорати ҳам киритилди. Бу назорат тезкор-қидирув фаолияти масалаларини ҳал қилишда аҳамиятга эга ахборот олиш учун бу турдаги жўнатмаларни яширин тарзда танлаб олиш ва ўрганишдан иборат. Аввалроқ тезкор-қидирув тадбирлари фақатгина почта жўнатмаларига татбиқ қилинган.
Ўзбекистон парламенти маълумотларига кўра, айни вақтда курьерлик (хусусий) жўнатмалар улуши Ўзбекистонга юбориладиган жами жўнатмалар ҳажмида 85 фоизни эгаллайди, бу орада почта жўнатмалари улуши эса камайиб бормоқда. Аввалроқ Ўзбекистон бош прокуратураси киритилаётган тузатмалар интернетдаги жиноий тўдалар томонидан борган сари кўпроқ қўлланаётган курьерлик жўнатмаларидан фойдаланишда тезкор ҳаракатлар ва қидирувни ўтказиш учун ҳуқуқий асосни яратишга имкон бериши айтилганди.
"Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун 2012 йил декабрда қабул қилинган ва бир йилдан кейин амалга киритилган. Қонунга кўра, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишга фақатгина давлат идораларининг ваколатли тезкор бўлинмаларига рухсат берилган. Бундай ҳаракатларни бирор юридик ёки жисмоний шахслар, сиёсий партиялар, диний ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаати йўлида ўтказиш тақиқланади.
Ўзбекистонда айни вақтда почта-курьерлик хизматларини тақдим қилувчи 30 га яқин компания фаолият юритади. Ўзбекистонда курьерлик хизматлари ёрдамида онлайн-дўконлар орқали импорт маҳсулотлар харид қилиш охирги 3 йил ичида оммалашиб кетди. Ўзбекистонда фаолият юритувчи почта-курьер операторларнинг ўртача йиллик обороти турли ҳисоб-китобларга кўра 20 млн доллардан 50 млн долларгачани ташкил қилади.