Спорт | 08:02 / 27.04.2016
1684
2 дақиқада ўқилади

Пеллегрини: 0:0 — яхши натижа

«Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи Мануэль Пеллегрини «Реал»га қарши кечган ва 0:0 ҳисобида якунланган Европа Чемпионлар лигаси ярим финал дастлабки ўйинидан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Биз интенсив ўйин намойиш этдик ва яхши ҳимояландик. Биз голли вазиятлар яратиш учун ҳаракат қилдик, аммо кейин Давид Сильва жароҳат олиб майдонни тарк этди ва тўпга эгалик қилишимиз қийинлашди. Модомики, юта олмаган эканмиз, 0:0 — ҳам яхши натижа. Биз рақибнинг секин футбол кўрсатишга уринишини билар эдик, шунинг учун прессинг қўллашга ҳаракат қилдик. Лекин „Сити“ гол урмади. Иккинчи ўйинда „Реал“ ҳужумда фаол бўлишига тўғри келади ва биз қарши ҳужумлардан фойдаланишимиз мумкин.

Биз бу мавсумда сафар ўйинларида яхши ўйнаяпмиз. Мадридда ҳам ўз уйимизда ҳаракат қилгандек эркин бўламиз. Барчаси иккинчи ўйинда ҳал бўлади», — дейди Пеллегрини.

У шунингдек, жавоб учрашувида Давид Сильва белидан олган жароҳати туфайли иштирок эта олмаслигини маълум қилган.

Жавоб учрашуви 4 май куни Мадридда, «Сантьяго Бернабеу» стадионида кечади.