Сархуш аёл 50 кружка пиво учун Урални кечиб ўтди
Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрида яшовчи сархуш аёл баҳс бойлаб, Урал дарёсини сузиб ўтди. Баҳсга 50 кружка пиво тикилганди. Бу ҳақида 27 апрель куни “Интерфакс” нашри хабар берди.
Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, гувоҳлар дарёни кечиб ўтаётган аёлни кўриб, навбатчи хизматини огоҳлантиришган. Воқеа содир бўлган жойга етиб келган қутқарув отряди ходимлари қарама-қарши қирғоқда ўтирган аёлни кўришган. Улар моторли қайиқда ёрдам кўрсатиш мақсадида келганларида, аёлни ҳолдан тойган ва сархуш ҳолатда топишди. Уни полиция ходимларига етказишди.
“У ўзининг исм-фамилиясини айтди, 1983 йилда таваллуд топганини маълум қилди. Полиция ходимлари ундан бундай аҳмоқона ишнинг сабабини сўрашганида, аёл ким биландир 50 кружка пиво учун баҳс бойлаганини билдирди. Бунинг қанчалик ҳақиқат эканини била олмадик”, - деди Атирау вилояти ФВ департаментининг сув-қутқарув хизмати раҳбари Самат Кумашев.
Унинг сўзларига кўра, аёл дарёни кучли оқим ва сув сатҳининг кўтарилган пайтида кечиб ўтган.